Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон делегацияси Эстонияда
2019-09-04 | Сиёсат
ДХА, Европа Иттифоқи ва БМТТД Ўзбекистон ваколатхонаси “Ўзбекистон қишлоқ жойларида давлат хизматлари тақдим этишни такомиллаштириш ва бошқарув даражасини ошириш“ лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги директори ўринбосари Н.Мухаммадиев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Эстония э-ҳукумат Академиясига ташриф буюрди.
Делегация таркибига Ўзбекистон Республикаси ҳукумат порталини ахборот билан таъминлаш ва ривожлантириш гуруҳи раҳбари ҳамда БМТТД вакили киритилган.
Ташрифдан мақсад – электрон ҳукуматни жорий этиш жараёнида ахборот коммуникация технологияларини қўллаш, давлат хизматларини такомиллаштириш ва мазкур соҳада Эстониянинг илғор тажрибаси билан алмашиниш.
Ўз ўрнида, Н.Мухаммадиев томонидан юртимизда аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизими, ўтган қисқа давр мобайнида эришилган ютуқлар, соҳани ривожлантириш йўлидаги истиқболдаги режалар ҳақида тақдимот қилинди.
Илғор хорижий тажрибани ўрганиш — давлат хизматлари соҳасини такомиллаштириш жараёнининг муҳим қисми ҳисобланади. Шу боис, Давлат хизматлари агентлигининг ходимлари доимий равишда ўз малакаларини ошириш, ушбу жараёнда энг янги ахборот ва технологик ечимларни жорий этиш учун иш олиб боришади.
Манба: ЎзА