Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Республикамизда илк бор синтез қилинган кимёвий мелиорант — “Биосолвент” препарати ижобий натижалар кўрсатмоқда
2019-08-30 | Технологиялар
Инновацион ривожланиш вазирлиги ЎзР ФА Биоорганик кимё институтида яратилган шўрланган тупроқлар таркибидаги тузларни самарали ювувчи “Биосолвент” препаратини тижоратлаштиришни йўлга қўймоқда. Биоорганик кимё институти қошида ООО “Инновацион биотехнологиялар” корхонаси ташкил қилинган бўлиб, ҳозирда “Биосолвент” препаратини ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
“Биосолвент” препаратидан Сирдарё, Бухоро, Хоразм, Сурхондарё, Тошкент, Жиззах, Фарғона Наманган ва Қорақалпоғистон Республикасида шўрланган тупроқ таркибидаги тузларни ювишда фойдаланилди ва самарали натижаларга эришилди. Шунингдек, Хоразм вилояти Боғот туманидаги “Дилшод” фермер хўжалигида олиб борилган фенологик кузатувлар препаратнинг самарасини яққол намоён этди.
Таъкидлаш жоизки, 2018 йил 26—27 май кунлари Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида бўлиб ўтган туз бўрони оқибатида юзага келган тузларни ювишда “Биосолвент” препаратидан фойдаланилган. Натижада, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида бўлиб ўтган “Туз бўрони” оқибати бартараф этиш ижобий натижага эришилган.
Қишлоқ хўжалигида ер фондидан оқилона фойдаланиш, суғориладиган ҳар бир гектар майдоннинг ҳосилдорлигини, унинг иқтисодий самарадорлигини ошириш билан боғлиқ муаммолар ечимини ишлаб чиқиш катта аҳамиятга эга. Бу борада тупроқ унумдорлигини ошириш ва сақлаш, мелиоратив тупроқшунослик мутахассислари зиммасидаги муҳим вазифалардан ҳисобланади. Республикамизда ҳозирги кунда шўрланган тупроқ таркибидаги тузларни ювишда сув сарфини камайтириш мақсадида кимёвий композициялар қўллаш бўйича инновацион ютуқлардан фойдаланишга алоҳида эътибор берилмоқда. Шўрланган тупроқ таркибидаги тузларни самарали ювувчи, ион алмашиниш хусусиятига эга ионоген полимерларни синтез қилиш, биопарчаланувчи препаратлар яратиш, уларнинг тупроқ структурасига таъсирини ўрганиш, қўллаш усулларини ишлаб чиқиш ва қишлоқ хўжалиги амалиётига жорий қилиш муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги кунда Ўзбекистон шароитида суғориладиган тупроқларнинг 60-65 фоизи турли даражада шўрланган бўлиб, бу ўз-ўзидан маданий экинлар ҳосилдорлигининг камайишига олиб келмоқда. Шўрланган тупроқлар деб, таркибида сувда осон эрийдиган тузларни умумий миқдори 0,3% дан катта ва маданий ўсимликларнинг ўсиб ривожланиши учун халақит берадиган ёки ўстирмайдиган тупроқларга айтилади. Бу эса ўсимликларнинг, айниқса, техник экинларининг ҳосилдорлиги шўрланган тупроқларда кескин пасайишига олиб келади. Шу кунгача Республикамизда шўр ювишнинг анъанавий усулларидан фойдаланиб келинган бўлиб, ушбу мавжуд агротехнологик мелиорацион чора-тадбирлар (анъанавий шўр ювиш) сезиларли даражада кўп миқдорда сув сарфини талаб қилади. Шўрланиш даражаси юқори бўлган тупроқ қатламида ушбу услублар кутилган самарани бермайди. Шунга кўра қишлоқ хўжалигида суғориладиган экин майдонларининг агромелиоратив ҳолатини яхшилаш мақсадида кимёвий мелиорация услубларини такомиллаштириш, самарали препаратлар яратиш муҳим аҳамиятга эга.
Шўрланган тупроқ таркибидаги тузларни самарали ювиш хусусиятига эга бўлган композициялар ишлаб чиқиш борасида бир қанча амалий ишлар олиб борилди ва Республикамизда илк маротаба синтез қилинган гомополимер ва сополимерлар асосида кимёвий мелиорант — полимер композиция “Биосолвент” яратилиб, Ўзбекистон шароитида биринчи маротаба шўрланган тупроқларни кимёвий мелиорацияси тизимига янги усул – “Биосолвент” полимер композицияси ёрдамида ювиш киритилди. Жумладан, “Биосолвент” полимер композициясининг Республика ҳудудидаги турли даражада шўрланган тупроқлар физик-кимёвий кўрсаткичларига таъсири лаборатория ва дала шароитида исботланди. “Биосолвент” композициясининг самарадорлиги қийин эрувчан тузлар умумий миқдори назоратга нисбатан 35-40 % гача ювилиши ҳамда тупроқ ғоваклилигининг 20-30 % га ортиши билан изоҳланади.
Фенологик тадқиқотларда “Биосолвент” композицияси таъсирида назоратга нисбатан ғўзанинг ўсиши 1,2 марта (20%), нормал ривожланган ғўза кўчатларининг сони 1,44 марта, ҳосилдорлиги 7-9 ц/га гача ортиши, шунингдек тупроқ микрофлораси, микроорганизмларнинг сон динамикасини ўзгартирмасдан, нитрификаторлар сонининг ортишига олиб келади.
“Биосолвент” композицияси шўрланган тупроқларни ювишда тупроқнинг шўрланиш даражасига қараб гектарига 5-10 литрдан қўллаш тавсия этилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги