Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрлари учун узлуксиз малака ошириш тизими жорий этилди
2019-08-29 | Таълим
2019 йил 27 августда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг узлуксиз малакасини ошириш тизимини жорий этиш тўғрисида” ги ПФ-5789-сонли фармони қабул қилинди.
Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, ўз тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган бошқа вазирлик ва идораларнинг 2019 йил 1 сентябрдан раҳбар ва педагог кадрларнинг узлуксиз малакасини ошириш тизимини жорий этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.
Янги тизимга кўра, раҳбар ва педагог кадрларнинг узлуксиз малака ошириши:
- мутахассислик бўйича мустақил малака ошириш;
- муқобил малака ошириш;
- таълим дастурлари асосида ихтисослаштирилган қайта тайёрлаш ва малака ошириш муассасаларида бевосита ўқиш шаклларини ўз ичига олади.
Фармонга мувофиқ, 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб:
- раҳбар ва педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ишдан ажраган ҳолда тўғридан-тўғри (бевосита) ўқиш умумий давомийлиги 144 соат этиб белгиланди;
- раҳбар ва педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказларида профессор-ўқитувчиларнинг сонидан келиб чиқиб белгиланадиган, камида 3 та штат бирлигидан иборат таълим технологиялари кафедралари ташкил этилади;
- самарали дарс бераётган профессор-ўқитувчилар, тажрибали амалиётчи мутахассисларга базавий лавозим маошининг 30 фоизигача ойлик устамалар белгилаш, соатбай иш ҳақи тўлаш шартлари билан жалб этилган малакали профессор-ўқитувчиларга соатбай ҳақ тўлаш миқдорининг 20 фоизигача кўпайтирилган ҳолда моддий рағбатлантириш ҳуқуқи берилди;
- пенсия ёшидаги, уч ёшга тўлмаган фарзанди бор аёллар ҳамда ногиронлиги бўлган раҳбар ва педагог кадрлар учун қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқиши масофавий шаклда ташкил этилади;
- олий таълим муассасалари педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш минтақавий ва тармоқ марказлари тузилмасига халқаро ҳамкорлик бўйича мутахассис лавозимини киритилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги