Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Адлия вазири халқаро компаниялар вакиллари билан мулоқотда бўлди
2019-08-29 | Сиёсат
Ўзбекистонда халқаро компаниялар ваколатхоналарининг очилиши мамлакатимизга инвестициялар оқимини оширишга хизмат қилади.
Жорий йилнинг 28 август куни адлия вазири Р.Давлетов «Агротек ГмбХ» компанияси президенти, Австриядаги Бухоро яҳудийлари ассоциацияси фахрий президенти Б. Кандов, шунингдек, «SPECHT & PARTNER» халқаро юридик компанияси раҳбари Л. Шпехт ва «Цифровая страна» АНТ (РФ) бошқарув раиси В. Драгановлар билан учрашди.
Учрашув аввалида Р. Давлетов меҳмонларга Ўзбекистон Республикасида Ҳаракатлар стратегияси доирасида, жумладан, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, Адлия вазирлиги тизимида олиб борилаётган ўзгаришлар хусусида маълумот берди.
Хусусан, вазирликнинг норма ижодкорлиги фаолияти такомиллаштирилаётгани, изчил ва бир хил ҳуқуқни қўллаш амалиёти шакллантирилаётгани, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишнинг таъминланиши ҳақида маълумот берилди.
Масалан, сўнгги икки йилда 4 мингдан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, фуқароларнинг 23 мингдан ортиқ мурожаатлари кўриб чиқилган.
Фуқаролар ва тадбиркорларга давлат хизматларини кўрсатиш тизими ҳам босқичма-босқич ривожланаётгани айтилди. Ҳозирги кунда давлат хизматлари марказлари аҳолига қарийб 150 га яқин турдаги хизматларни тақдим этиб келмоқда. Хорижий сармоядорлар учун қулай шароитлар яратиш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга оид қонунчиликдаги ижобий ўзгаришлар ҳам қайд этилди.
Шу билан бирга, адлия вазири адвокатура институтини ислоҳ қилиш, хусусан мамлакатимиздаги адвокатлик ва консалтинг хизматлари алоҳида икки турли соҳаларга бўлинганини билдирди. Шундан келиб чиқиб, консалтинг хизматларини адвокатлик лицензиясини олмасдан, тижорий ташкилий-ҳуқуқий шаклда юридик шахс ташкил қилиш йўли билан кўрсатиш мумкинлиги ҳақида маълумот берилди.
Меҳмонлар давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида амалга оширилаётган жадал ислоҳотлар асносида Ўзбекистонда, хусусан, адлия соҳасида рўй бераётган улкан ўзгариш ва ислоҳотларни таъкидлашди. Бу жараёнда қонунчилик базасини такомиллаштириш муҳим аҳамият касб этади.
Ўз навбатида «SPECHT & PARTNER» юридик компанияси раҳбари Л. Шпехт мазкур компания фаолияти ҳақида сўзлаб берди ва Тошкент шаҳрида ўз юридик фирмаси ваколатхонасини таъсис этиш имкониятларини ўрганиб чиқишни сўради. Унинг фикрича, мазкур фирма ваколатхонаси очилиши Ўзбекистонга инвестициялар оқимини оширишга хизмат қилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги