Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бирлашган Араб Амирликларининг Келажак вазирлиги инновацияларни жорий қилиш тажрибаси билан ўртоқлашмоқда
2019-08-28 | Инновация
Жорий йилнинг 28 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Бирлашган Араб Амирликларининг Вазирлар Маҳкамаси ишлари бўйича ва келажак вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасининг давлат органи вакиллари учун “Инновация бошқаруви” бўйича семинар бўлиб ўтди. Ўзбекистонга ташриф буюрган делегацияга Бирлашган Араб Амирликларининг Вазирлар Маҳкамаси ишлари бўйича ва келажак вазирлигининг давлат секторида инновациялар учун Муҳаммад бин Рашид номли Марказ директори Худ Ал-Хашимий бошчилик қилди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш мақсадида Бирлашган Араб Амирликларининг молиявий ва техник ёрдамини жалб этиш бўйича ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида ўтказилмоқда.
Тадбирдан кўзланган мақсад – давлат бошқаруви органлари ходимларининг инновациялар соҳасидаги малакасини ошириш. Тренинг натижаларига кўра вазирлик ва идораларда инновацияларни жорий қилиш бўйича масъул ходим лавозими жорий қилиниши кутилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов таъкидлаганидек, айни пайтда мамлакатимизда ҳамкорликнинг 17 асосий йўналишлари бўйича маҳаллий кадрларни қайта тайёрлаш бўйича ишлари жадал амалга оширилмоқда.
— Ўтказилаётган семинар ва тренинглар давлат хизматчиларининг халқаро экспертлардан янги билим ва малакаларни ўзлаштиришлари учун мўлжалланган. Бу ўз навбатида иш самарадорлигини ошириш, аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, ташаббускорлик ва натижадорликка эришишга олиб келади. Ҳамкорлик доирасида ўтказилган тадбирлар муҳим аҳамиятга эга эканини исботламоқда, мамлакатимиз учун бундай кенг ҳамкорлик айни муддаодир, — деди А.Абдуҳакимов.
БАА ҳукуматида иш самарадорлигини ошириш йўли билан инновацияларни жорий қилиш мақсадида БАА вазирлик ва идораларида “Инновацияларни жорий қилиш бўйича масъул” лавозими жорий қилинган бўлиб, у давлат органларига инновацияларни жорий этиш ҳам хизматчиларнинг инновацион маданиятини ошириш бўйича ишларни амалга оширади. Шунингдек, . Инновацияларни жорий қилиш бўйича масъул шахс ғоялар таклиф этади, инновацион ташаббуслар ишлаб чиқади, БААнинг дунёда етакчи давлатлардан бири бўлишини таъминлайди.
— Аксарият ҳолларда инновациялар бу интизом, режа ва бошқарув жараёнлари натижасидир, — деди Худ Ал-Хашимий. – Инновацияга ҳар қандай лойиҳа каби ёндошиш, яъни мақсадларни белгилаш, босқичларга бўлиш, муддатларни белгилаш, самарадорликни баҳолаш ҳамда инсон ресурсларини ва/ёки молиявий ресурсларни жалб этиш зарур.
Инновация алоҳида одамлар, хусусий ташкилотлар ва давлат томонидан инновацион ғояларни ишлаб чиқиш ва янги маҳсулотларни тақдим этиш орқали халқнинг турмуш сифатини ўсишини таъминлайди. Шу билан бир қаторда айнан инновациялар иқтисодий барқарорликни таъминлайди, рақобатбардошлик даражасини оширади, даромадларнинг ўсишига сабаб бўлади, янги иш ўринлари ташкил этилишига олиб келади. БААнинг бу борадаги тажрибасини ўрганишга қаратилган мазкур тадбир ўз ишини давом эттирмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги