Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
ЮНЕСКО Бош директори Бухорода бўлди
2019-08-28 | Маданият
ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган Бухоро шаҳрида умумбашарий қийматга эга турли даврларга мансуб 300 дан ортиқ меъморий ёдгорлик жойлашган.
Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган БМТнинг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) Бош директори Одри Азуле хоним 27 август куни Бухоро шаҳрига ташриф буюриб, ушбу осори-атиқалар билан танишди.
Нуфузли ташкилот раҳбари Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.Абдуҳакимов ва Бухоро вилояти ҳокими Ў.Барноев ҳамроҳлигида кўҳна Арк қалъасини томоша қилди. Бу ерда жойлашган Бухоро давлат музей-қўриқхонасидаги халқимизнинг бой тарихидан гувоҳлик берувчи экспонатлар юқори мартабали меҳмонда катта қизиқиш уйғотди.
Одри Азуле хоним Исмоил Сомоний мақбараси, Минораи Калон, Мир Араб мадрасаси ва Масжиди Калон ёдгорликларини ўз ичига олган Пойи Калон мажмуаси ҳамда Мирзо Улуғбек мадрасасини ҳам томоша қилди.
Қадимий Бухоро ҳунармандлиги билан ҳам жаҳонга машҳур. ЮНЕСКО Бош директори шаҳарнинг диққатга сазовор масканлари билан танишув чоғида ҳунармандлик намуналарига катта қизиқиш билдирди.
Бухоро азалдан шариф шаҳар, диний бағрикенглик қарор топган кент сифатида ҳам улуғланади. Бугунги кунда вилоятда 10 га яқин диний конфессиялар фаолият юритмоқда. ЮНЕСКО Бош директори 400 йиллик тарихга эга яҳудийлар синагогасига ташриф буюрди. Яҳудийларнинг эътиқод қилиши ва диний амалларни адо этиши учун барча шароит яратилгани меҳмонда катта таассурот қолдирди.
Эркин ЁДГОРОВ, ЎзА
Манба: ЎзА