Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Таълим инспекцияси томонидан мактабларда халқаро тадқиқотларга тайёргарлик ва ўқитувчиларга яратилган шароитлар ўрганилмоқда
2019-08-27 | Таълим
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 23 август куни халқ таълими тизимини ривожлантириш, ўқитувчиларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш масалаларига бағишлаб ўтказилган селектор мажлисида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим инспекцияси бошлиғи У.Ташкенбаев томонидан Сурхондарё ва Сирдарё вилоятидаги мактаблардаги ўқитувчиларга яратилган шароитлар, янги ўқув йили ва халқаро тадқиқотларига тайёргарлик ишларининг ҳолатини ўрганилди.
Маълумки, бугунги кунда жамиятда ўқитувчи қадр қиммати ва обрўсини ошириш бўйича кенг имкониятлар яратилмоқда. Шу билан бирга, 2021 йилда бўлиб ўтадиган PISA халқаро тадқиқотларга ўқитувчиларнинг тайёргарлиги бўйича ҳам кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Термиз шаҳрида умумтаълим мактаблари ўқитувчилари учун “Халқаро баҳолаш дастурларида муваффақиятли иштирок этиш - таълим сифатини оширишнинг муҳим омили" мавзусида ўқув-семинари ташкил этилди. Мазкур ўқув семинарида вилоят халқ таълими тизимидаги педагоглар билан биргаликда олий таълим тизимидаги профессор-ўқитувчилар ҳам иштирок этишди. Ҳусусан, Термиз давлат университети ҳамда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетидан келган профессор-ўқитувчилар халқаро тадқиқотларда иштирок этиш ва унга тайёргарлик кўриш юзасидан семинар иштирокчиларига тушунтириш бериб ўтдилар.
Шу билан бирга, Инспекция бошлиғи томонидан Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳридаги 10-сонли, Ховос туманидаги 9 ва 21-сонли мактабларининг фаолияти ўрганилди. Ҳозирда Сирдарё вилоят халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги 29 та умумтаълим мактабларида янгидан қурилиш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ишларини амалга ошириш белгиланган. У.Ташкенбаевнинг амалий кўмаги билан Ховос туманидаги 21-сонли умумтаълим мактабнинг ўқув биноси ва унинг том қисмини мукаммал таъмирлаш бўйича маҳаллий бюджет маблағларидан қўшимча маблағлар ажратиб берилишига келишиб олинди.
Бундан ташқари Гулистон шаҳридаги 10-сонли ҳамда Ховос туманидаги 9-сонли умумий ўрта таълим мактабида кимё, биология, физика лаборатория жихозлари ҳамда мультимедия воситаларининг етарли таъминлашини бўйича таклифлар қабул қилинди. Шунингдек, 2021 йилда халқаро тадқиқотларида тайёргарлик кўриш юзасидан бир қатор таклифлар, жумладан, ўтказилган семинар машғулотларини сифатли ва тушунарли тарзда ўтказиш ҳамда маҳорат дарсларини бундан кучайтириш бўйича тавсиялар берилди. Янги ўқув йилини кўтаринки кайфиятда бошлаш, дарсларнинг сифатини ошириш, назарий дарсларни амалиётга боғлаш, синфдан ташқари тўгаракларнинг аҳволини кучайтириш бўйича қатор вазифалар белгилаб олинди.