Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Халқаро археология туризм форуми
2019-08-27 | Туризм
Термизда “Ўзбекистон – цивилизациялар чорраҳаси“ халқаро археология туризм форуми бўлиб ўтди.
“Ўзбекистон – буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империялар, динлар, маданиятлар“ маданий мерос ҳафталиги доирасида ташкил этилган анжуманда мамлакатимиздан, шунингдек, 80 га яқин давлатдан 140 га яқин халқаро эксперт, санъатшунос олим, Марказий Осиё тарихий-маданий мероси тадқиқотчилари, реставраторлар, маданият, туризм ва таълим соҳаси вакиллари иштирок этди.
Форумнинг очилишида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бутунжаҳон жамияти раиси Ф.Абдухолиқов, Француз миллий илмий тадқиқотлар маркази профессори П.Лериш, АҚШнинг Хофстра университети Яқин Шарқ ва Марказий Осиё дастури директори, профессор А.Наймарк, ЎзФА Санъатшунослик институти директори Ш.Пидаев ва бошқалар буюк цивилизациялар чорраҳасида жойлашган Ўзбекистон замини маданият ва динлар ривожида муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидлади.
Сўнгги йилларда қадимий ёдгорликларда олиб борилаётган илмий изланишлар ҳудуднинг янги-янги қирраларини кашф этаётгани билан дунё аҳлини ҳайратга солмоқда. Бугунги Сурхондарё вилояти ҳудуди қадимдан дунё тамаддуни бешикларидан бири сифатида танилган. Давлатчилик, илм-фан, маданият, ҳунармандчилик, меъморлик, деҳқончилик каби соҳалар ривожланган. Хорижлик ва маҳаллий қадимшуносларда катта қизиқиш уйғотиб келган воҳада турли асрларга оид 440 дан зиёд археологик ёдгорлик сақланиб қолган. Уларда олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари ҳудуднинг ўтмишдаги ривожланиш босқичларини чуқур ўрганиш, унинг жаҳон цивилизациясидаги ўрнини таҳлил қилишда муҳим омил бўлмоқда.
Форумнинг дастлабки кунида Термиз шаҳридаги Санъат саройида ўтган халқаро конференция ялпи мажлисида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бутунжаҳон жамияти илмий кенгаши раиси, академик Э.Ртвеладзенинг “Окс Искандарияси – Кампиртепа: Окс бўйидаги шаҳар-қалъа“ мавзуидаги видеомурожаати эшиттирилиб, фан оламидаги бу янгилик акс этган 3D-ролик тақдимоти ўтказилди. “Кушон мероси“ видеоролиги намойиш этилди.
Анжуман шуъба мажлисларида мамлакатимиз ва дунёнинг турли давлатларидан келган олимларнинг “Қадимги давр билан мулоқот маданий тараққиёт омили сифатида“, “Эллинизм даври: Ғарб ва Шарқнинг Марказий Осиё юрагида учрашиши“, “Кушон салтанати: антик цивилизациянинг буюклиги“ мавзуларидаги маърузалари тингланди. Ўзбекистоннинг дунё цивилизациясида тутган ўрни, илм-фан, маданият ва санъат ривожига қўшган ҳиссаси таҳлил қилинди.
– Аввало, мана шундай йирик анжуманни ташкил этиб, дунё олимларини таклиф қилгани учун миннатдорлик билдирамиз, – дейди Франциянинг Афғонистондаги археологик делегацияси (DAFA) раҳбари, доктор Хулио Бендезу-Сарменто. – Сурхондарёдаги Жарқўтон археологик ёдгорлигида кўп йиллар қазиш ишлари олиб борганмиз. Шу боис воҳанинг бой тарихга эга ўтмишини яхши биламиз. Мазкур анжуман доирасида ўтказилган шуъба йиғилишларида илмий-тадқиқот ишлари чоғида аниқланган кўплаб масалаларни муҳокама қилдик. Бу келгусида илм-фан ривожида муҳим ўрин тутади.
Халқаро форумнинг иккинчи куни иштирокчилар Музработ туманидаги “Кампиртепа“ шаҳар-қалъасида бўлиб, эллинистик маданиятнинг Марказий Осиёдаги ноёб ёдгорлигини томоша қилди. Академик Э.Ртвеладзе раҳбарлигида кўп йиллар давомида амалга оширилган илмий-тадқиқот ишлари самараси бўлган қадимги Окс-Александрияси ҳақида етарли тасаввурга эга бўлишди.
Бу ерда ташкил этилган тадбирда маҳаллий ва хорижлик қадимшунослар ўтган йилларда амалга оширган қазиш ишлари билан боғлиқ хотираларни эсга олди. Окс-Александриясининг ўз давридаги ўрни ва аҳамияти ҳақида фикр алмашилди. Минтақадаги ягона – Термиз археология музейи ва Термиз туманидаги милодий I-III асрларга оид “Фаёзтепа“ буддавийлик ёдгорлигини томоша қилди.
Форумнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.Абдуҳакимов, Сурхондарё вилояти ҳокими Т.Боболов сўзга чиқди.
Х.МАМАТРАЙИМОВ, Ж.ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА