Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Россия ва Ўзбекистон касбий таълимни ривожлантириш соҳасида WorldSkills тизимидан фойдаланган ҳолда кучларни бирлаштирди
2019-08-26 | Таълим
“Ёш профессионаллар (Ворлдскиллс Россия)” Иттифоқи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум тузилди. Ҳужжатни имзолаш “Казань Экспо” ХКМдаги WorldSkills Kazan 2019 да бўлиб ўтди. Ҳамкорлик доирасида иккала давлатда ҳам – Россия ва Ўзбекистонда касбий таълим сифатини оширишга қаратилган кенг кўламли дастур режалаштирилмоқда.
Россиянинг Ўзбекистон билан ўзаро ҳамкорлик режасини мустаҳкамловчи ҳужжатни “Ёш профессионаллар (Ворлдскиллс Россия)” Иттифоқи бош директори Роберт Уразов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Мухитдинов имзолади.
Ҳамкорлик дастури ўзаро тажриба алмашиш, умум тадбирларни ташкиллаштириш ва халқаро лойиҳаларда биргаликда иштирок этиш сингари жиҳатларни қамраб олади. Мазкур дастурни амалга оширишнинг муҳим томонларидан бири намойиш имтиҳони форматида WorldSkills стандартлари бўйича ўтказиладиган чемпионат якунлари ва малакани мустақил баҳолаш натижаларини ўзаро қабул қилиш бўлади.
“Ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан олдимизда касб ва таълим стандартларини, шунингдек, WorldSkills стандартларига мувофиқ ўқув дастурларини уйғунлаштиришдек кенг кўламли ишлар турибди, – дея таъкидлади Роберт Уразов. – Бизлар WorldSkills ҳаракатини ривожлантиришга қаратилган умум тадбирларларни, шу жумладан, соҳанинг иқтисодий ҳамкорлигини кенгайтиришга ёрдам берувчи касбий таълимни ривожлантиришга оид халқаро лойиҳаларда биргаликда иштирок этишни режалаштиряпмиз”.
Эркин Мухитдинов россиялик ҳамкасблар тажрибасининг аҳамиятини қайд этди: “Ушбу тажрибани кадрлар тайёрлаш, миллий терма жамоани шуғуллантириш, ишлаб чиқариш таълимидаги тренерларни, мураббийларни, эксперт ва усталарни ўқитиш учун қўллашни мўлжалламоқдамиз. Ўзбекистонни айниқса WorldSkills стандартлари бўйича чемпионатлар ўтказиш ва ташкиллаштириш, шунингдек, ўқув жараёнларини ташкиллаштириш ва билимни баҳолаш марказларини жиҳозлашдаги ВСР тажрибаси қизиқтиради”.
Манба: Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги