Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Ёшлар кутубхонаси“ лойиҳаси доирасида 12 номда китоб чоп этилди
2019-08-23 | Маданият
Тошкентдаги “Китоб олами“ мажмуасида “Ёшлар кутубхонаси“ лойиҳаси доирасида чоп этилган янги китобларнинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Бу лойиҳа Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида“ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ёшлар иттифоқи ташаббуси ҳамда Ёзувчилар уюшмаси, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари кўмагида амалга оширилди. “Ёшлар нашриёт уйи” томонидан “Ёшлар кутубхонаси” рукни остида 47 номдаги китоб 10 минг нусхадан чоп этилиб, республикамиздаги барча таълим муассасаларига бепул тарқатилди.
Улар орасида ўзбек халқ эпосларидан тортиб, классик адабиётимизнинг шоҳ асарларигача бор. Абдулла Қодирий, Одил Ёқубов, Ғафур Ғулом, Пиримқул Қодиров, Ойбекнинг машҳур асарлари босилиб, ўқувчилар қўлига етиб борди. Шунингдек, Робиндранат Тҳокур, Гёте, Стендаль, Эрнест Хемингуэй, Антон Чехов, Пауло Коэльо, Нодар Думбадзе, Чингиз Айтматов каби жаҳон адабиёти намоёндаларининг сара асарлари ҳам нашр этилди.
Болалар адабиётига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбек халқ эртаклари, Анвар Обиджоннинг “Мешполвон жангга отланди”, Худойберди Тўхтабоевнинг “Сариқ девни миниб”, Антуан де Сент-Экзюперининг “Кичкина шаҳзода”, Жонатан Свифтнинг “Гулливернинг саргузаштлари” каби асарлари ҳам чоп этилди. Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асари инглиз тилида нашр этилди.
“Ёшлар нашриёт уйи” томонидан ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Насруллонинг “Иккимиздан қолсин аланга”, Муҳаммадхон Юсуповнинг “Кичик ҳикоялар”, Жонтемирнинг “Дарвеш қўшиғи”, Шуҳрат Сатторовнинг инглиз тилига таржималаридан “Анор” номли китоблари, ёш ижодкорлар қаламига мансуб сара асарлардан тузилган “Жилғалар қўшиғи” номли тўплам чоп этилди.
Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги ҳамда янги ўқув йили муносабати билан “Ёшлар кутубхонаси” рукни остида яна 12 номдаги жаҳон ва ўзбек адабиётининг, жумладан, Чўлпоннинг “Кўклам руҳи”, Тоҳир Маликнинг “Алвидо болалик”, Н.Носовнинг “Билмасвой ва унинг дўстларининг бошидан кечирганлари”, Саъдийнинг “Бўстон”, Чингиз Айтматовнинг “Охирзамон нишоналари”, Пушкиннинг “Евгений Онегин”, Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Донишманд Сизиф”, Эрих Распенинг “Барон Мюнхаузен саргузаштлари”, Шайхзоданинг “Мирзо Улуғбек”, Пушкиннинг “Шоҳ Салтан ҳақида эртак”, Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” каби асарлари 10 минг нусхадан чоп этилди.
Шуни алоҳида эътироф этиш керакки, тақдимот давомида илк маротаба нашриёт томонидан Анвар Эргашев ва Юлия Медведовская қаламига мансуб “Бир юз бир” номли асар чоп этилди. Мазкур асарда Иккинчи жаҳон урушида фашистларга асир тушган ўзбек жангчиларининг аянчли тақдири, сабр-бардоши ва матонати ҳақида ҳикоя қилинади.
Моҳигул ҚОСИМОВА, Отабек МИРСОАТОВ олган суратлар, ЎзА
Манба: ЎзА