Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сенат қўмиталарининг мажлислари бўлиб ўтди
2019-08-22 | Сиёсат
2019 йил 22 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида парламент юқори палатаси қўмиталарининг мажлислари бўлиб ўтди.
Уларда Сенатнинг йигирма биринчи ялпи мажлиси кун тартибига киритилган масалалар кўриб чиқилди.
Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастурининг 2019 йил иккинчи чорагидаги ижросига доир ҳисоботини дастлабки тарзда муҳокама қилди.
Олий Мажлис Сенатининг қўмиталари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини дастлабки тарзда кўриб чиқар экан, Олий Мажлис Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлисида мажбурий равишда ва ҳар томонлама муҳокама қилиниши лозим бўлган фикрлар ва таклифларни ишлаб чиқдилар.
***
Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси ҳамда Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитасининг қўшма мажлисида оилани мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитасининг ахбороти эшитилди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий фаоллигини ошириш, уларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш, гендер тенглигини таъминлаш – шунчаки аёлларга нисбатан адолатли бўлиш эмас, балки давлатимизнинг иқтисодий ўсиши, ҳар томонлама ривожланиши ва барқарорлигининг асосий шартларидан бири сифатида кўриб чиқилмоқда. Шу боис мазкур йўналишда аниқ амалий қадамлар қўйилмоқда. Жумладан, Олий Мажлис Сенатида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитасининг ташкил этилиши, соҳага оид қонунчилик базаси такомиллаштирилиши ҳам ана шундай чоралардандир.
Мажлисда 2019 йилнинг биринчи ярим йиллигида хотин-қизларни ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги роли ва фаоллигини ошириш, улар бандлигини таъминлаш, аёллар орасида тадбиркорликни ривожлантириш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, оғир ижтимоий аҳволдаги хотин-қизларни манзилли қўллаб-қувватлаш, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш борасида ижобий ишлар олиб борилган.
Хусусан, ҳисобот даврида, аввало, мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнида хотин-қизларнинг иштирокини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилгани айтиб ўтилди. Шу мақсадда республикамизда фаолият юритилаётган сиёсий партиялар билан Меморандум имзоланиб, чора-тадбирлар режаси қабул қилинган. Унга кўра сиёсий ва ҳуқуқий билимли, фаол, инновацион ғояларга ва ташкилотчилик қобилиятига эга бўлган хотин-қизлардан иборат 6 минг нафардан ортиқ кадрлар захираси шакллантирилди ва уларни янада қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилди.
Мажлисда таъкидланганидек, аёлларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллаши, оилалар фаровонлигини оширишда уларнинг бандлигини таъминлаш алоҳида ўрин тутади. Шу боис ушбу масала Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг доимий диққат марказида туради. Хусусан, жорий йилда турмуш шароити оғир бўлган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳудудий дастурлар кесимида 13 мингдан зиёд опа-сингилларимизни ишга жойлаштириш белгиланган. Ҳозиргача уларнинг 8 минг 21 нафари муқим иш ўринларига эга бўлдилар, йил охиригача бу рақам белгиланган кўрсаткич даражасига етказилиши кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, мажлисда эшитилган ҳисоботдан келиб чиқиб, Хотин-қизлар қўмитасининг тегишли вазирликлар билан ахборот алмашинувида ўзаро ишончли ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўйиш, тегишли йўналишда фаолият кўрсатаётган давлат ва нодавлат ташкилотлари билаш шерикликни мустаҳкамлаш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Эшитув якуни бўйича қўмиталарнинг қўшма қарори қабул қилинди.
***
Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси мажлисида импорт қилинаётган маҳсулотлар ҳажми ва унга бўлган эҳтиёжни аниқлаш, импорт маҳсулотларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг хисоботи ҳам эшитилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимиз иқтисодиётини жадал инновацион ривожлантириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар саноатнинг етакчи тармоқларига инвестиция киритиш учун маҳаллий ишлаб чиқарувчилар салоҳиятини оширишни тақозо этмоқда. Бунда импортга технологик қарамликни камайтириш ўта муҳим аҳамият касб этади. Зеро бу бозорда фаолият юритиш билан боғлиқ молиявий хатарларни келтириб чиқарувчи асосий омиллардан бири ҳисобланади. Шу жиҳатдан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 1 майдаги “Саноат кооперациясини янада ривожлантириш ва талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори маҳаллий ва хорижий бозорларда талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик учун қулай шарт-шароитлар яратиш йўналишида қўйилган муҳим қадам бўлди. Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг таклифлари асосида республика тармоқлари ва минтақалари бўйича корхоналарда маҳаллийлаштирилаётган маҳсулотларнинг (хизматларнинг) янги турларини ишлаб чиқаришни ўзлаштириш юзасидан буюртмаларни жойлаштиришни амалга ошириш, Маҳаллийлаштириш дастурини шакллантириш, унинг амалга оширилиши юзасидан тизимли мониторингни таъминлаш вазифаси юклатилган. Бу йўналишда қатор ижобий ишлар амалга оширилаётгани мажлисда алоҳида қайд этилди.
Бироқ республикамизда янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши ўзлаштирилаётган бўлса-да, айрим вазирлик ва идоралар, ҳудудий корхоналар, жисмоний шахслар томонидан Маҳаллийлаштириш дастури доирасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга ўхшаш товарлар ва асосий фаолиятига хос бўлмаган товарлар импортини амалга ошириш давом этмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида 878,8 млн. долларга тенг бўлган ўзимизда ишлаб чиқарилаётган товарлар импорт қилинган. Жумладан, “Ўзавтосаноат” АЖ, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси, “Ўзметкомбинат” АЖ, “Ўзэлтехсаноат” АЖ, “Ўзчармсаноат” уюшмаси, Олмалиқ КМК томонидан республикамизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга ўхшаш товарлар импорти амалга оширилган.
Мажлисда таъкидланганидек, импорт ҳажмининг маҳсулотлар кесимидаги таҳлили ташқи савдони тариф ва нотариф бошқаришга эҳтиёж ошиб бораётганлигини кўрсатди. Хусусан, республика импортидаги божхона божларининг амалдаги тариф ставкалари ўртача қиймати 5,6 фоизга тенг бўлиб, маҳсулотларнинг 62,7 фоизи учун ноль ставкалари кўлланилиб келинмоқда. Бу ўз навбатида, республикамиздаги маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга салбий таъсир этиб, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришдан кўра четдан тайёр маҳсулотлар олиб кирилишини рағбатлантирмоқда.
Қолаверса, тегишли вазирлик ва идоралар томонидан етарли даражада назорат олиб борилмаётганлиги сабабли айрим ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари маҳсулотлар божхона қийматини камайтириб, баъзи ҳолларда эса кўпайтириб кўрсатишлари натижасида импорт қилинган маҳсулот ички бозорда 3‑5 баробарга қимматга сотилмоқда.
Шу каби муаммолар ҳамда олинган маълумотлар таҳлилидан келиб чиқиб, мажлисда маҳаллий ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, бозорни ўзимизда ишлаб чиқарилган сифатли товарлар билан тўлдириш, ташқи бозорда рақобатбардош маҳсулотларнинг ҳажмларини ошириш, импорт қилинаётган маҳсулотларга бўлган эҳтиёжни аниқлаш, уларни маҳаллийлаштириш бўйича белгиланган вазифаларнинг Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги томонидан ижро этилиши талаб даражасида эмаслиги қайд этилди. Хусусан, назорат йўқлиги ва тегишли чоралар кўрилмаганлиги натижасида жорий йилнинг биринчи ярмида тармоқ корхоналари томонидан умумий қиймати 340 млн. доллар бўлган 8 та объект ишга туширилиши таъминланмаган.
Мажлисда мавжуд муаммолар ечими хусусида сўз юритилар экан, импорт қилинаётган маҳсулотлар ҳажмини аниқлаш, уларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг мавжуд ҳолатини ҳар бир вазирлик ва идора, маҳаллий ҳокимиятлар, хўжалик юритувчи субъектлар даражасида ўрганиб чиқиб, долзарб вазифалар ечимини таъминлаш юзасидан “Йўл харитаси” ишлаб чиқиш лозимлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, бу йўналишда вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимият органлари, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида хабардорлик даражасини ошириш мақсадида “on-line” ахборот алмашув тизимини жорий этиш зарурлиги ҳам айтиб ўтилди.
Мажлисда кўриб чиқилган масала юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар билдирилиб, Қўмита қарори қабул қилинди.
***
Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан 2019 йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар ҳам муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, 2019 йилда Мудофаа вазирлиги томонидан 24 та мақсадли вазифа бажарилиши белгиланган. Шундан 4 та топшириқнинг бажарилиши муддати 2019 йилнинг II-чораги этиб белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан тақдим қилинган маълумотларга асосан ўтказилган таҳлиллар натижасида уларнинг барчаси бажарилганлиги аниқланди.
Жумладан, Қўшинларда жанговар тайёргарликни даражасини ошириш ва тоифа даражасига эга мутахассислар миқдорини кўпайтириш мақсадида 2019 йил II-чораги давомида чет эл сафарларига ҳарбий хизматчиларни юбориш ва жанговар тайёргарлик тизимида тажриба алмашиш учун чет эл мутахассисларини жалб этиш белгиланган. Хусусан, ҳозирда хорижий давлатларда Мудофаа вазирлигининг 290 нафар ҳарбий хизматчиси таҳсил олмоқда. Шунингдек, тажриба алмашиш мақсадида қўмондонлик таркибининг Россия Федерациясида ҳарбий амалиёт ўтказилган.
Ҳисобот даврида 100 оиладан ортиқ бўлган ёпиқ ҳарбий шаҳарчаларда маҳалла фуқаролар йиғинларини ташкил этиш мақсадида 2019 йил биринчи ярим йиллигида шундай шаҳарчаларни аниқлаш ва маҳалла фуқаролар йиғинларини тартибга солиш бўйича қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар тайёрлаш топшириғи белгиланган. Унинг ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 апрелдаги “Шаҳарлар, посёлкалар, қишлоқлар ва овулларнинг маҳаллаларини тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш, шунингдек, уларнинг чегараларини белгилаш ва ўзгартириш, уларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш тартиби тўғрисидаги низомга қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қарори қабул қилинган.
Шунга кўра, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзолари томонидан Мудофаа вазирлигининг жорий йилнинг биринчи ярмидаги фаолияти қониқарли, деб топилди.
Шу куннинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг Мудофаа доктринасининг амалга оширилиши устидан тизимли назоратни ташкил этиш, бунда асосий эътиборни ҳарбий қурилиш масалаларига қаратиш ва ушбу йўналишдаги фаолиятни кучайтириш ҳамда Қуролли Кучларда жанговар руҳни юксалтириш, аскар ва зобитларимизни жисмоний ва маънавий жиҳатдан баркамол этиб тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги ахбороти эшитилди.
Таъкидланганидек, 2019 йилнинг ўтган даврида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан мудофаа доктринасининг амалга оширилиши устидан тизимли назоратни ташкил этиш, бунда асосий эътиборни ҳарбий қурилиш масалаларига қаратиш ва бу йўналишдаги фаолиятни кучайтириш ҳамда Қуролли Кучларда жанговар руҳни юксалтириш, аскар ва зобитларни жисмоний ва маънавий жиҳатдан баркамол этиб тарбиялаш борасида муайян ишлар амалга оширилган. Хусусан, халқаро майдонда кечаётган воқеа-ҳодисалар, Марказий Осиё ҳамда унга яқин минтақалардаги ҳарбий-сиёсий вазият мониторинги ўтказилиб, унинг ривожланиш тенденциялари аниқ таҳлил ва прогнозлар асосида баҳоланиб борилган. Мавжуд маълумотлар таҳлили натижасида тегишли ҳужжатлар тайёрланиб, мутасадди ташкилотларга тизимли равишда киритилган.
Бундан ташқари, қўшинларнинг жанговар тайёргарлигида гуруҳ, взвод ва батальонларнинг автоном равишда жанговар вазифаларни бажариш имкониятларини оширишга асосий эътибор қаратилган. Шу сабабли жанговар тайёргарлик машғулотлари сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,5 баробарга оширилган. Хусусан, ўқ отиш машғулотлари қуролларидан 2,6 баробар кўп фойдаланилган ҳамда жанговар машиналардан отиш машғулотлари 2,1 баробар кўп ўтказилган. Зирҳли ва автомобиль техникаларини ҳайдаш машғулотлари сони ҳам 1,3 фоизга оширилиб, қўшинларнинг жанговар кўникмалари мустаҳкамланган. Умуман бугунги кунга қадар қўшинларда 130 та тактик махсус ўқув ва 124 та қўмондонлик штаб ўқуви ўтказилган. Шунингдек, хорижий давлатлар билан ҳарбий ҳамкорлик режасига асосан 10 дан ортиқ ҳамкорлик ўқувлари ўтказилган.
Мажлисда Мудофаа вазирлигининг мамлакатимизнинг мудофаа салоҳиятини ошириш, унинг суверенитетини ҳимоя қилиш, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасидаги фаолиятини янада кучайтириш лозимлиги таъкидланди. Шу жумладан, молиявий ресурслар ва моддий-техника воситаларидан мақсадли фойдаланиш, мулк ҳамда қурол-яроқларнинг сақланишини таъминлашга қаратилган қонун ҳужжатларининг бажарилиши устидан таъсирчан прокурор назоратини амалга ошириш ҳамда ҳарбий хизматчилар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш каби йўналишдаги ишларни янада такомиллаштириш зарурлиги қайд этилди.
Мажлисда кўриб чиқилган масала бўйича Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
***
Олий Мажлис Сенати Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг мажлисида “Халқаро меҳнат ташкилотининг саноат ва савдода меҳнат инспекцияси тўғрисидаги 81-сонли Конвенциясини (Женева, 1947 йил 11 июль) ратификация қилиш ҳақида”ги ва “Халқаро меҳнат ташкилотининг қишлоқ хўжалигида меҳнат инспекцияси тўғрисидаги 129-сонли Конвенциясини (Женева, 1969 йил 25 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари дастлабки тарзда кўриб чиқилди.
Шунингдек, Қўмита мажлисида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш бўйича фаолияти тўғрисидаги ахборот эшитилди.
Таъкидланганидек, республикамиз ташқи сиёсат маҳкамаси ўз фаолиятида асосий эътиборни Ташқи сиёсий фаолият концепциясида ҳамда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифаларни бажарилишига қаратмоқда.
Шунингдек, Қўмита мажлисида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идораларнинг туризмни ривожлантириш соҳасидаги ислоҳотлар амалга оширилишининг бориши тўғрисидаги ахборотлари дастлабки тарзда муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда туризм – жаҳон иқтисодиётининг энг йирик секторларидан бири ҳисобланиб, айнан шу соҳа улушига дунё ялпи ички маҳсулотининг 9 фоизи тўғри келади. Қолаверса, ушбу соҳа сайёрамиздаги ҳар ўн иккинчи иш жойини таъминлайди. Ўзбекистонда ҳам сайёҳлик йўналиши мамлакатимиз иқтисодиётининг муҳим стратегик тармоғи сифатида белгиланган. Жумладан, сўнгги 3 йилга яқин давр мобайнида юртимизга сайёҳларни жалб этиш, туризм инфратузилмасини ривожлантириш, бу соҳадаги тадбиркорлик фаолиятига қулай шарт-шароитларни тақдим этиш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва бошқа йўналишларни ривожлантиришга қаратилган 60 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат, жумладан уларнинг 11 таси жорий йилнинг ўтган даврида қабул қилинди.
Соҳани ривожлантириш борасидаги муҳим вазифалар, аввало, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси зиммасига юклатилган. Хусусан, ушбу тузилма томонидан сайёҳларнинг виза олиши ва рўйхатдан ўтиш жараёнларини соддалаштириш, стандартлаштириш ва сертификация, туризм инфратузилмасини ривожлантириш, соҳа салоҳияти тарғиботини амалга ошириш каби йўналишларда қатор ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, агар 2018 йилда 9 та мамлакат фуқаролари учун виза режими бекор қилинган бўлса, 2019 йил давомида қўшимча тарзда яна 47 мамлакат фуқаролари учун визасиз режим татбиқ этилиб, уларнинг умумий сони 65 тага етди, қолаверса, икки ва кўп маротабали электрон виза бериш тизими жорий этилди. Статистик маълумотлар ушбу чоралар самарадорлигини кўрсатмоқда. Хусусан, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида виза режими бекор бўлган мамлакатларда ташриф буюрувчи сайёҳлар сони ўртача 47 фоизга ортган.
Туризм соҳаси тарғиботи ҳам Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан мамлакатга хорижий меҳмонларни кенг жалб этиш мақсадида энг замонавий технологиялар ва маркетинг каналлари орқали Ўзбекистоннинг бу борадаги салоҳияти реклама қилинмоқда. Жумладан, АҚШ, Япония, Германия, Италия, Хитой ва бошқа мамлакатлардан жами 30 дан ортиқ телевидение ижодий гуруҳлари ва блогерлар ташрифи ташкиллаштирилди.
Мажлисда Президентимиз Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида Сенат олдига қўйган вазифалардан келиб чиққан ҳолда Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистонга Президентимиз ташрифлари якунлари бўйича тасдиқланган “йўл харита”лари ижроси ҳолати тўғрисидаги масала илк бор кўриб чиқилди.
Олий даражада эришилган келишувлар асосида тузилган “йўл хариталари” ва бошқа ҳужжатларнинг оғишмай ижро этилиши устидан парламент назоратини янада кучайтириш лозимлиги таъкидланди. Бу борада йўл қўйилаётган янги амалиётни давом эттириш ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Кўриб чиқилган масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати