Термизда жорий йилнинг 24-25 август кунлари бўлиб ўтадиган “Ўзбекистон – цивилизациялар чорраҳаси“ номли халқаро археологик форумга пухта тайёргарлик кўрилди.
Пойтахтимизда ўз ишини бошлаган “Ўзбекистон – буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империя, дин, маданият“ мерос ҳафталиги доирасида қадимий воҳада ўтказиладиган тадбирда кўплаб давлатлардан олимлар, археологлар, соҳа мутахассислари ва бошқа меҳмонлар иштирок этиши кутилмоқда.
Сурхондарё вилояти қадимдан дунё тамаддуни бешикларидан бири сифатида танилган. Давлатчилик, илм-фан, маданият, ҳунармандчилик, меъморлик, деҳқончилик каби соҳалар ривожланган. Воҳада турли асрларга оид уч юзга яқин археологик ёдгорлик мавжуд бўлиб, уларда хорижлик ва маҳаллий қадимшунослар ҳамкорлигида олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари ҳудуднинг ўтмишдаги янги-янги қирраларини кашф этаётир.
Икки кун давомида маҳаллий ва хорижлик иштирокчилар соҳада қўлга киритилган ана шундай янгиликларга гувоҳ бўлади. Термиз туманидаги Фаёзтепа, Музработ туманидаги Кампиртепа археологик ёдгорликларида ноёб кашфиётлар билан яқиндан танишади. Узоқ йиллардан буён илм-фан аҳлининг Окс Александрияси жойлашган ҳудуд ҳақидаги баҳс-мунозаралари билан боғлиқ масалага ойдинлик киритилади. Минтақамизда ягона – Термиз археология музейидаги турли даврларга мансуб экспонатларни томоша қилади. Санъат саройида ўтказиладиган халқаро археологик конференция ҳам таассуротларга бой бўлиши кутилмоқда.
Сурхондарёда анжуманга пухта ҳозирлик кўрилди. Форумнинг асосий тадбири бўлиб ўтадиган муҳташам санъат саройида барча шароит яратилиб, техник жиҳозланди. Кўча ва хиёбонлар ободонлаштирилиб, халқаро анжуман акс эттирилган панно ва баннерлар билан безатилди.
– Форум қатнашчиларини байрамона кутиб олиш ва муносиб хизмат кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Сурхондарё вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи А.Хўжақулов. – Шу мақсадда анжуман иштирокчилари учун энг замонавий меҳмонхоналарда барча қулайлик яратилди. Уларга сифатли хизмат кўрсатиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди. Ушбу тадбир нафақат вилоятнинг сайёҳлик салоҳиятини оширишга, балки ёш авлоднинг миллий тарихимиз ва маданиятимизга қизиқишини мустаҳкамлашга, ёшларнинг миллий ғурур туйғусини янада юксалтиришга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА
Манба: ЎзА