Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Эндиликда таянч докторантура ва докторантурада ўқитиш тўлов-контракт асосида ҳам амалга оширилади
2019-08-22 | Таълим
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 августдаги 684-сонли қарори билан Ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Киритилган ўзгартиришларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиялари соҳиблари бўлган таянч докторантларнинг ҳар йили таянч докторантуранинг охирги курсидаги ўқиш даври учун стипендиянинг икки баробари миқдорида тайинланади.
ЎзР Президентининг давлат стипендиялари бўлган магистратура талабалари таянч докторантурага кириш имтиҳонларисиз Давлат бюджети маблағлари ҳисобига ўқитиш учун қабул қилинади.
Эндиликда таянч докторантура ва докторантурада ўқитиш ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ МАБЛАҒЛАРИ ҳамда ТЎЛОВ-КОНТРАКТ асосида амалга оширилади.
Таянч докторантура ва докторантурага Давлат бюджети маблағлари ҳисобига ва тўлов-контракт асосида ўқитиш учун қабул квотаси, қоида тариқасида, тегишли ўқув йили учун тасдиқланган ОТМларга давлат буюртмаси асосида магистратура мутахассисликларига ўқишга қабул қилиш умумий параметрларининг 30 фоизидан кам бўлмаган миқдорда белгиланади.
Шунингдек, илмий унвони бўлган фан номзодлари ёки фалсафа доктори (PhD) илмий раҳбарлик ёки илмий маслаҳатчи фаолияти самарадорлиги таҳлили асосида Коллегиал орган тавсиясига кўра бир вақтнинг ўзида фақат икки нафар таянч докторантга ва мустақил изланувчига илмий раҳбар этиб бириктирилиши мумкинлиги белгиланган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги