Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ҳимоясида янгиликлар кутилмоқда

2019-08-22 | Жамият

Ҳозир Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган 700 мингдан ортиқ шахс, шу жумладан, 100 мингдан ортиқ 16 ёшгача бола ҳаёт кечирмоқда. Қонун ҳужжатларида уларнинг ҳуқуқлари ва манфаатлари қай даражада ҳимояланган?

Олий Мажлис Сенатининг ўн тўққизинчи ялпи мажлисида ногиронларни тиббий кўрикдан ўтказиш, ногиронликни белгилашда қатор қийинчиликлар ва сунъий тўсиқлар юзага келаётгани кескин танқид қилинган эди. Хусусан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг анатомик ва физиологик нуқсонлари аниқ кўриниб турган бўлишига қарамай, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги тафовутлар ҳамда ташкилий ишлардаги хатоликлар туфайли улар қатор тиббий кўриклардан қайта-қайта ўтишга мажбур бўлмоқда. Улардан тегишли қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган қўшимча ҳужжатлар – Меҳнат дафтарчасидан кўчирма, фуқаролар йиғинидан маълумотнома, никоҳ гувоҳномаси асоссиз талаб этилаётгани ҳам яна бир оғриқли масалага айланган.
 
Шундоқ ҳам кўнгли ярим инсонларни сарсон қилиш нима учун керак? Йиллар давомида амалда бўлган талаб ва меъёрларни замонга мос тарзда такомиллаштириш бўйича аниқ чоралар нега шу пайтгача кўрилмаяпти? Аҳвол қачон ўнгланади? “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муаммоларга ечим бўла оладими?
 
Айтиш жоиз, мазкур қонун лойиҳаси 2017 йил 1 декабрда Президентимизнинг “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан тасдиқланган “Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури” доирасида тегишли вазирликлар вакиллари ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари иштирокида ишлаб чиқилди.
 
Хўш, унда қандай янгиликлар кўзда тутилмоқда?
 
– Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг таҳлили кўрсатадики, қонун ижодкорлиги фаолиятида икки йўналиш – ногиронликнинг “ижтимоий модели” ва “тиббий модели” тамойиллари мавжуд, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Мавлудахон Хўжаева. – “Ижтимоий модель” ногиронликка нисбатан ижтимоий ёндашувни мустаҳкамлаб беради. Унга кўра, инсон соғлиғи бузилиши сабабли эмас, балки у тўқнаш келадиган бахтсиз ҳодисалар туфайли ногиронликни орттириб олади. “Тиббий модель” эса ногиронликни касаллик ва меҳнатга лаёқатсизлик сифатида баҳолайди. Мамлакатимиз қонун ҳужжатларида ногиронликнинг айнан тиббий тушунчаси устунлик қилмоқда. Бу эса ногиронлиги бўлган шахсларга жамият ҳаётида фаол иштирок этишга имкон бермаяпти. “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий хизматларга, ижтимоий ёрдамга бўлган ҳуқуқларини, фойдалана олиш мумкин бўлган жисмоний муҳит каби жиҳатларни кафолатлайди. Бироқ мазкур қонуннинг қоидалари декларатив тусга эга.
 
Депутатнинг фикрича, “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, “ногирон” тушунчаси ногиронлиги бўлган шахсларни аҳолининг ижтимоий ёрдам ва ҳимояга махсус ҳуқуқлари бўлган алоҳида тоифаси қаторига киритади. Ана шундай тарзда, хусусан, тиббий моделга асосланган камситувчи муносабат шаклланади. Мазкур ҳолат уларнинг потенциалини намоён қилишга ва инсоннинг асосий ҳуқуқларига риоя этилишини, имкониятларнинг тенглигини таъминлаш ҳамда жамият ҳаётининг барча соҳаларида тўлиқ иштирок этишини кафолатлашга имкон бермайди.
 
Қонун асосан ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳуқуқларини тартибга солади, аммо ҳуқуқлари жами спектрини қамраб олмайди. Шу муносабат билан ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг барча жабҳаларини қамраб оладиган “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқиш зарурати юзага келди.
 
Қонун лойиҳаси БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси талабларини имплементация қилишни ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида замонавий услублар, халқаро стандартларни жорий этишни назарда тутади.
 
“Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши бир қатор вазифаларни ҳал этишга хизмат қилади. Жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай жисмоний муҳит – бинолар, транспорт, ахборот ва алоқалардан фойдаланиш, шунингдек, улар учун ижтимоий, иқтисодий, маданий муҳит, соғлиқни сақлаш ва таълим хизматларининг исталган туридан баҳраманд бўлиш имкониятини яратади. Уларни камситишнинг ҳар қандай шаклига барҳам берилади. Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиш ва ишга жойлашиш имкониятини таъминлаш, ижтимоий-маданий ҳаётда фаол иштирок этиши, дам олиш ва спорт билан шуғулланиш имкониятини оширишга ёрдам беради. Бундан ташқари, ногиронликни белгилашни такомиллаштиришга хизмат қилади.
 

Хуршид ҚОДИРОВ,ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться