Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Афғонистонлик этник ўзбеклар Термиз билан танишмоқда

2019-08-21 | Жамият

Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Термиз шаҳридаги “Амударё“ халқаро ёшлар оромгоҳида Афғонистон Ислом Республикасида истиқомат қилаётган этник ўзбек ёшлари учун 20-24 август кунлари “Дўстлик“ оромгоҳи ташкил этилди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи муассислигидаги Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси томонидан ташкил этилган тадбир иштирокчилари Хайратон чегара постида миллий урф-одатларимизга хос нон-туз билан кутиб олинди.
 
Ўзбекистон ва Афғонистон ёшлари иштирокидаги тантанали маросимда сўнгги йилларда давлатларимиз ўртасидаги яқин қўшничилик, дўстлик алоқалари тамомила янги босқич ва янгича кўринишда изчил ривожланаётгани алоҳида таъкидланди.
 
Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасида сўнгги йилларда йўлга қўйилган дўстлик, ўзаро ҳамкорлик алоқалари ён қўшни давлатда тинчлик ўрнатиш ҳамда барқарор ривожлантиришда янги босқични бошлаб берди. Ишбилармонлар доирасининг ўзаро алоқалари мустаҳкамланиб бораётир. Ўзбекистон айни пайтда қўшни давлатга электр энергияси етказиб бермоқда. Термизда Афғонистоннинг консуллик идораси фаолият юритмоқда. Ихтисослаштирилган шифохоналарда қўшни давлат фуқароларининг саломатлигини тиклаши учун барча замонавий шароит мавжуд. Афғон фуқароларига мамлакатимизда яратилаётган бундай қулайликлардан самарали фойдаланиши учун ихчамлаштирилган виза тартиби жорий этилган.
 
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтган йил март ойида ташкил этилган “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуидаги Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси Афғонистонда тинчлик ўрнатиш, барқарор ривожланишига кўмаклашишнинг янги босқичини бошлаб берди. Дунё ҳамжамиятини афғон юртида тинчлик ва барқарорликни ўрнатишга даъват этди.
 
Давлатимиз раҳбари ғояси асосида Термиз туманида дунёда муқобили йўқ Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази қўшни мамлакат ўғил-қизларининг чуқур таълим олиб, касб ўрганишида муҳим омил бўлаётир.
 
Афғонистонлик ёшлар Термиз шаҳридаги муҳташам Ёшлар маркази биносида бўлиб, бу ерда ўғил-қизлар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Икки давлат фаол ёшларининг мулоқоти ташкил этилди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг тақдимоти ўтказилди.
 
– Биз бир дарёнинг икки қирғоғида яшайдиган ўзбеклармиз, – дейди Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳридан келган Фарисо Шамс Содат. – Бу ҳақда биз ота-боболаримиздан эшитиб, улғайдик. Кўҳна Термизни буюк алломалар юрти сифатида ғойибдан биламиз. Амударёнинг бу қирғоғига ўтиш учун мана шундай дориломон кунлар келишини интиқиб кутдик. Бундан бир неча ой муқаддам Ёшлар иттифоқи муассислигидаги Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси вакиллари мамлакатимизда бўлиб, биз билан учрашган ва Термизга таклиф этишган эди. Чегарада бизни қучоқ очиб, кутиб олган тенгдошларимизга ҳавасимиз келди. Улар билан тез дўстлашиб кетдик. Сурхондарёга қадам ташлашимиз билан бу ердаги тинч, осуда ва обод ҳаёт бизни ўзига мафтун этди. Ёшларнинг юзидаги табассум ва шукроналик туйғусини кўриб суюндик.
 
“Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида ўтказилаётган мазкур тадбир доирасида афғонистонлик ёшлар учун ўзбек тили ва Ўзбекистон тарихи бўйича интерактив машғулот ўтказиш режалаштирилган. Хусусан, дунёқарашни янада бойитиш, миллий урф-одат, маданият ва қадриятларимизни кўрсатиш, ёшлар ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга эътибор қаратилади. Ҳаким ат-Термизий, Султон Саодат мажмуалари ва бошқа тарихий обидаларга саёҳатлар уюштирилади. 
 
Меҳмонлар Термиз Археология музейи, Собир Термизий номли Сурхондарё вилоят ахборот-кутубхона маркази, Санъат саройи билан яқиндан танишади. Дўстлик футбол турнири, ўзбек миллий ўйинлари ва бошқа тадбирлар ташкил этилади. Миллий кино ва театр санъаткорларининг саҳна асарларидан баҳраманд бўлади.
 

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться