Мамлакатимизда ёшларга берилаётган эътибор, уларга давлат томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик миқёси йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Ўтган йиллар давомида ёшларга оид ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи қонунлар, Президентнинг фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари қабул қилинди. Олий Мажлис томонидан болалар ва ёшлар ҳуқуқларига оид ўнга яқин халқаро шартнома ратификация қилинди.
Бугунги кунда ёшлар ўртасида миллий қонунчилигимизни кенг тарғиб қилиш борасида партиялар томонидан турли тадбирлар ташкил этилмоқда. Жумладан, 20-22 август кунлари Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси сиёсий кенгаши ташаббуси билан Тошкент вилояти “Дўрмон” ижод уйида “Истеъдодли ёшлар“ форуми ўтказилмоқда.
Ана шу форум доирасида ҳудудлардан келган фаол, истеъдодли ёшлар учун Олий Мажлис Қонунчилик палатасида мамлакат мустақиллигининг 28 йиллигига бағишлаб “Истиқлолнинг иқтидорли ёшлари: шахсий фаоллик ва самарали натижа” мавзуида депутат ва ёшлар учрашуви ташкил этилди.
Депутатлар йигит-қизларга мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга ошириш, навқирон авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар хусусида сўзлаб берди. Шунингдек, улар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, унинг тузилмалари, депутатлик бирлашмалари, комиссиялар ва депутатлар фаолияти билан яқиндан таништирилди.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ташкил этилгани ва 30 июнь – Ёшлар куни деб эълон қилиниши ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлди. Ушбу ташкилот фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган Президент қарори билан тасдиқланган ёшларга оид давлат сиёсати борасидаги барча мақсадларни ўзида акс эттирган дастурда ёшларни масъулиятли лавозимлар захирасига киритиш, олий таълим муассасаларига имтиёз билан қабул қилиш, имконияти чекланган йигит-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ёшлар клуби”ни ташкил қилиш сингари ғоят муҳим ташкилий-ҳуқуқий тадбирларни амалга ошириш белгилангани эътиборга молик жиҳатлардан биридир.
– Шу каби ғояларни инобатга олиб, Қонунчилик палатасида Ёшлар масалалари бўйича комиссия тузилди, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Адолат” СДП “Ёш адолатчилар” қаноти кенгаши раиси Умид Сулаймонов. – Бугунги кунда ушбу комиссия йигит-қизларнинг сиёсий фаоллигини, жамиятда ёшлар мавқеини янада ошириш, улар манфаатига хизмат қилувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқиш борасида фаол иштирок этмоқда. Айниқса, 2016 йил 14 сентябрда янги таҳрирда қабул қилинган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун давлатимизнинг ёшларга юксак эътибори намунасидир.
Тадбирда мазкур қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратиш, хотин-қизлар бандлигини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган Президентимизнинг 5 та муҳим ташаббусини амалиётга жорий этиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Давра суҳбатидан сўнг иштирокчилар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биносида депутатларга яратилган шарт-шароитлар, мажлислар заллари, ўқув хоналари, кутубхоналар, миллий парламентимиз тарихи билан яқиндан танишиб, депутатларнинг иш жараёни ҳақида тасаввурга эга бўлди.
Хуршид ҚОДИРОВ, ЎзА
Манба: ЎзА