Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Хитой Ташқи ишлар вазири билан учрашув
2019-08-20 | Сиёсат
2019 йилнинг 19 август куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Пекин шаҳрида Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши аъзоси, Ташқи ишлар вазири Ван И билан учрашди.
Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари икки томон кун тартиби, айрим халқаро ва минтақавий муаммоларга тегишли қатор долзарб масалаларни муҳокама қилдилар.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Раиси Си Цзиньпиннинг Пекин шаҳридаги “Бир макон, бир йўл" форуми, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (Бишкек) ва Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (Душанбе) саммитлари доирасидаги самарали учрашувлари икки мамлакат ўртасидаги кенг қамровли алоқаларни ривожлантиришга янги туртки ва динамика берди. Ўзаро савдо юқори суръатда ўсмоқда, инвестицион соҳадаги ҳамкорлик фаоллашмоқда, минтақалараро ва маданий-гуманитар алмашинувлар кенгаймоқда.
Шу нуқтайи назардан, Жанубий Хитойнинг сиёсий, иқтисодий, илмий-техникавий, таълим ва маданий маркази бўлган Гуаньчжоу шаҳрида Ўзбекистон Бош консулхонаси очиш таклифи муҳокама қилинди.
Вазирлар Бош вазир Абдулла Ариповнинг Хитойга ва Давлат кенгаши Бош вазири Ли Кэцяннинг Ўзбекистонга бўлажак расмий ташрифларининг кун тартиби ва дастурини амалий жиҳатдан кўриб чиқдилар.
Учрашув чоғида Ўзбекистон ва Хитой стратегик шериклигини мустаҳкамлаш билан боғлиқ бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги