Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Парламентда ахборот тарқатиш соҳасига оид қонун ҳужжатларининг ҳолати муҳокама қилиниши ражалаштирилмоқда
2019-08-19 | Жамият
2019 йил 17 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда мамлакат ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга қаратилган бир қатор қонун лойиҳалари ҳамда долзарб масалалар кўриб чиқилди.
Кун тартибидаги дастлабки масала — «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасининг муҳокамаси қизғин кечди. Таъкидлаш жоиз, парламент қуйи палатасининг 2019 йил 14 август куни бўлиб ўтган мажлисида мазкур қонун лойиҳасида Марказий банкнинг назоратига оид вазифалари акс этган 61-моддасида белгиланган нормалар депутатларнинг эътирозларига сабаб бўлгани боис, масъул қўмитага уни асослантириш ва маромига етказиш тавсия этилган эди.
Ўтган давр мобайнида ишчи гуруҳ йиғилишларида депутатлар томонидан бу борада билдирилган барча таклиф ва тавсиялар қонун лойиҳасида ўз аксини топди ва у шундан сўнг қабул қилинди.
Депутатларнинг баҳс-мунозарасига сабаб бўлган масалалардан яна бири «Адвокатура тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимча киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасидир. Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг “Адвокатура тўғрисида”ги Қонунида адвокатлик гувоҳномасининг шаклини ва уни бериш тартибини тасдиқлаш Адлия вазирлиги ваколатига киритилган.
Муҳокамалар чоғида жамоат ташкилоти ҳисобланган Адвокатлар палатасига бирлашган адвокатларга гувоҳнома нима сабабдан давлат органи, Адлия вазирлиги томонидан берилиши депутатларда савол туғдирди. Лойиҳа ташаббускорлари ва масъул қўмита вакиллари бунга жавобан, адвокатлар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиши, касби нуқтаи назаридан барча даражадаги ташкилот, идора ва муассасаларга кириши, турли даражадаги мансабдор шахслар билан муомалада бўлишини назарда тутиб, қолаверса, ушбу касб эгаларининг мавқеини кўтариш, айни пайтда масъулиятини ошириш мақсадида Ҳукумат томонидан адвокатлик гувоҳномасини бериш тартиби жорий қилинаётганини қайд этдилар. Қолаверса, адвокатлик лицензияланиши шарт бўлган фаолият тури ҳисобланиб, лицензия бериш ҳам вазирлик зиммасидаги масъулиятга киради. Таъкидланишича, ушбу қонун лойиҳаси билан адвокатлик гувоҳномалари бериш тартиби такомиллаштирилади, бу борада бюрократик омиллар келиб чиқиши эҳтимолининг олди олинади.
Тортишувлар айниқса «Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 15-моддасига ўзгартиш киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамасида янада кескин тус олди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 апрелдаги “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига биноан ишлаб чиқилган ушбу лойиҳа билан никоҳ ёшини эркаклар ва аёллар учун тенг қилиб белгилаш таклиф этилмоқда.
Депутатлар мазкур лойиҳани ўз вақтида ишлаб чиқишда аслида парламент қуйи палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ҳамда Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссияси ташаббус кўрсатиши мумкин бўлган ҳолда, улар ушбу масалани айни пайтга қадар чўзиб келганини кескин танқид қилдилар.
Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши хотин-қизларнинг эрта никоҳини ва эрта туғруғини олдини олишга хизмат қилади. Бунинг натижасида юртимизда оилаларнинг янада мустаҳкамланишига, ажримларнинг олдини олишга, ёш эр-хотинлардан туғиладиган фарзандларнинг соғлом, баркамол бўлиб воя етишига эришилишида муҳим аҳамият касб этади.
Мажлисда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.Садиковнинг «Ахборотни тарқатиш соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш тўғрисида»ги масалага бағишланган парламент эшитувини ўтказиш ҳақидаги масала ҳам депутатларнинг диққат марказида бўлди. Шу боис, ЎзЛиДеП ва «Миллий тикланиш» демократик партияси фракциялари депутатларидан иборат Демократик кучлар блоки ташаббуси билан ташкил этилиши режалаштирилаётган мазкур парламент эшитуви кун тартибида белгиланган долзарб мавзу муҳокамаси қизғин кечди. Унда қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жамият ҳаётининг турли жабҳаларини такомиллаштириш учун улкан имкониятлар яратиб бермоқда.
Миллий ахборот соҳасининг либераллаштирилиши аҳолининг медиа саводхонлигини оширишга, давлат ва жамият орасида очиқ конструктив ахборот алмашинувини фаоллаштиришга хизмат қилиши билан бирга, оммавий ахборот воситалари ёрдамида жамоатчилик назорати тадбирлари самарадорлигини оширишга ҳам имкон яратди.
Миллий ахборот соҳасининг ривожланиши баробарида демократик ўзгаришлар билан бирга, фуқароларнинг ахборот ҳуқуқлари бузилиши ва яна бир қатор жиддий муаммолар ҳам кўзга ташлана бошлади. Бугунги кунда ташқи ва ички ахборот таҳдидларнинг кучайиб бориши давлат ва жамият барқарорлиги учун потенциал хатарга айланиб, барқарор ривожланиш жараёнларига тўсқинлик қилмоқда ҳамда шахс, давлат ва жамоатчилик ахборот хавфсизлигининг бузилишига олиб келмоқда.
Бугунги замоннинг энг долзарб муаммоларидан бири — интернет тармоғи орқали нолегал, нохолис ахборотларнинг оммавий тарқатилишидир. Ижтимоий тармоқлардан, тезкор хабарларни тарқатиш техник майдончаларидан, оммавий ахборотларни тарқатиш мессенжерларидан фуқароларнинг шахсга доир ҳуқуқлари, уларнинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги ахборотнинг конфеденциаллиги қўпол равишда бузилган ҳолда фойдаланиш ҳолатлари кўплаб учрамоқда. Интернет тармоғида шахсини аниқлаб бўлмаслиги имкониятидан фойдаланиб, айрим фойдаланувчилар қонунларда таъқиқланган ҳақорат ва туҳматга асосланган ахборотларни тарқатмоқда.
Энг хавфлиси, балоғат ёшига етмаган болалар ва ёшлар учун ҳам бундай нолегал ахборотларнинг тарқатилаётганидир. Ёшлар улғайишининг физиологик ва психологик хусусиятларини ҳисобга оладиган бўлсак, улар интернет тармоғидаги қонунга хилоф равишда тарқатилаётган ахборотларнинг қурбонига айланиб қолмоқда.
Нолегал ахборотлар тарқатилиши жараёнларига қарши кескин курашиш учун тегишли давлат органларининг аниқ мақсадларга йўналтирилган ҳаракатларини, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги, «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги, «Журналистларнинг касбий фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунларда белгиланган қоидалар амалиётининг самарадорлигини таъминлашни талаб этади.
Парламент эшитуви доирасида миллий ахборот маконини янада барқарор ривожлантириш мақсадида ахборот соҳасининг миллий қонунчилигини оптималлаштириш йўлларини муҳокама қилиш учун тегишли давлат хокимияти ва бошқаруви органлари, шунингдек, бизнес ва фуқаролик жамияти институтлари раҳбарлари ҳамда масъул ходимларини жалб қилган ҳолда, ҳукумат аъзоларининг ахборотини эшитиш режалаштирилган.
Демократик кучлар блокининг парламент эшитувини ўтказиш бўйича ушбу таклифи депутатларнинг қизғин мунозарасига сабаб бўлди. Парламент вакиллари ушбу масаланинг бугунги кун учун ниҳоятда долзарблик касб этаётганини инобатга олган ҳолда, биргина Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги раҳбарияти билан чекланмасдан, Вазирлар Маҳкамасининг мутасаддилари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ҳам бу масалага муносабатини эшитиш мақсадга мувофиқлигини қайд этдилар. Ушбу таклиф бир овоздан маъқулланди.
Мажлисда парламент қуйи палатаси ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси