Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Қоракўлчилик тармоғини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида

2019-08-17 | Ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Мамлакатимизда қоракўлчилик тармоғида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, наслчилик ишларини такомиллаштириш орқали сифатли қоракўл тери етиштириш, чўл озуқабоп экинлар уруғчилиги майдонларини ташкил этиш ва яйловлар ҳосилдорлигини ошириш ҳамда қоракўлчилик субъектларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш борасида сўнгги йилларда бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди.

Шу билан биргаликда, бугунги кунда соҳада мавжуд ички имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаяпти.

Хусусан, наслчилик ишларини янада такомиллаштириш, чўл яйлов озуқабоп ўсимликлар уруғчилиги майдонларини кенгайтириш, соҳада экспортбоп қоракўл ва қоракўлча тери етиштириш, маҳсулотларни чуқур қайта ишлаш ва хом ашёлардан тиббиёт мақсадлари учун фойдаланиш аҳволи бугунги кун талабига жавоб бермайди.

Республикада қоракўл зотли қўйлар бош сони ва қоракўлчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини янада ошириш, наслчилик ишларини илмий асосда такомиллаштириш, қоракўлчилик маҳсулотларини, хом ашёларини чуқур қайта ишлаш ва тиббиёт мақсадлари учун кенг фойдаланиш ҳамда соҳа ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида:

1. Қуйидагилар:

2019-2021 йилларда қоракўл зотли қўйлар бош сони, жун ва қоракўл тери ишлаб чиқаришни кўпайтиришнинг прогноз параметрлари 1, 1а, 1б-иловаларга мувофиқ;

қоракўлчилик маҳсулотларини қайта ишлашни ташкил этувчи корхоналар рўйхати 2-иловага мувофиқ;

 

қоракўлчилик соҳасида экспортбоп қоракўлча тери етиштириш ва тиббиёт учун ноёб доривор воситалар ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган қоракўлчилик хом ашёси етказиб бериш корхоналари рўйхати 3-иловага мувофиқ;

 

яйловлар ҳосилдорлигини ошириш мақсадида чўл яйлов ўсимликлари уруғчилиги майдонларини кенгайтириш параметрлари 4-иловага мувофиқ;

наслчилик қоракўлчилик хўжаликларига кучли озуқалар етиштириш мақсадида талаб этиладиган суғориладиган ер майдонларини ажратиш параметрлари 5-иловага мувофиқ;

ўрмон хўжалиги ташкилотларига қарашли узоқ чўл ҳудудларидаги наслчилик қоракўлчилик хўжаликларининг сув чиқариш иншоотлари жойлашган наслчиликқоракўлчилик хўжаликларига ажратиладиган яйлов ер майдонлари 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Самарқанд, Жиззах ва Сурхондарё вилоятлари ҳокимликлари бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Республика “Қоракўлчилик” уюшмаси, “Халқ банки” АТБ билан биргаликда мазкур қарорга мувофиқ белгиланган прогноз параметрлар ижросини таъминлаш юзасидан туманлар ва қоракўлчилик субъектлари кесимида манзилли чора-тадбирларни тасдиқласин ҳамда уларнинг самарали ва тўлиқ ижроси юзасидан тизимли мониторинг ўрнатсин.

 

3. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Бухоро, Навоий ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда мазкур қарорга 6-иловада назарда тутилган ўрмон билан қопланмаган яйлов ер майдонларини хатловдан ўтказиб, уларнинг ўрмон хўжалиги ташкилотларидан наслчилик қоракўлчилик хўжаликларига ажратиб берилишинитаъминласин.

 

4. Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Республика “Қоракўлчилик” уюшмаси, Навоий ва Қашқадарё вилояти ҳокимликларининг Навоий вилоятида қоракўл зотли қўйларнинг сур ранги бўйича, Қашқадарё вилоятида қора ва кўк ранги бўйича юқори элита синфли наслдор қоракўл қўйлар етиштиришга ихтисослаштирилган Илмий-наслчилик тажриба станцияларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Қуйидагилар Илмий-наслчилик тажриба станцияларининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

юқори наслдор элита синфига мансуб сур, қора ва кўк рангли қоракўл зотли қўйлар отарларини илмий асосда ташкил этиш;

отарларда наслчилик ва сунъий уруғлантириш ишларини тизимли ташкил этиш, бунда ранглар бўйича қимматли экспортбоп ярим доира қаламгул, қовурғасимон ва ясси гул типидаги қоракўл қўйлар селекциясига алоҳида эътибор қаратиш;

серпушт қоракўл қўйларни ўзаро жуфтлаш орқали жаҳон мўйна бозорлари талабидан келиб чиқиб, қоракўл терининг рақобатбардош турларини яратиш;

етиштирилган юқори маҳсулдор қоракўл қўй ва қўчқорларни аҳоли хонадонларига, деҳқон ҳамда фермер хўжаликларига тизимли равишда етказиб беришни йўлга қўйиш.

Ушбу станцияларни ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

5. Белгилансинки, 2019-2023 йилларда қоракўлчилик хўжаликларига етиштириб экспортга сотилган ҳар бир дона қоракўл териси учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан 50 минг сўмдан ва ҳар бир дона қоракўлча териси учун 75 минг сўмдан субсидиялар ажратилади.

Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Республика “Қоракўлчилик” уюшмаси билан биргаликда икки ой муддатда қоракўлчилик субъектларига субсидия бериш тартибини ишлаб чиқиб, тасдиқласин.

6. Республикада қоракўлчилик соҳасида наслчилик селекция ишларини такомиллаштириш, жаҳон бозори талабларига мос бўлган рақобатбардош қоракўл териси ишлаб чиқариш ва уни қайта ишлашни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида Республика “Қоракўлчилик” уюшмаси ҳузурида Қоракўлчиликни ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) ташкил этилсин.

Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантиришнинг манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан фоиз тўловларисиз қайтариш шарти билан 7 йил муддатга 2019-2020 йилларда ажратиладиган 50 миллиард сўм;

Республика “Қоракўлчилик” уюшмасига аъзо ташкилотларнинг ҳамда бошқа жисмоний ва юридик шахсларнинг ихтиёрий ажратмалари;

халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг грантлари ва кредитлари;

Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан олинган даромадлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

7. Белгилансинки, Жамғарма маблағлари қуйидаги мақсадларга ишлатилади:

наслчилик-селекция ишларини илмий асосда ташкил этиш ва уни такомиллаштириш;

қоракўлчилик соҳасида экспортбоп қоракўл ва қоракўлча тери етиштириш;

қоракўлчилик маҳсулотларини чуқур қайта ишловчи корхоналарни ташкил этиш;

соҳада ресурс тежамкор ускуналар сотиб олиш ва озуқа цехлари (гранулятор)ни ташкил этиш ҳамда қоракўлчилик субъектлари томонидан қишлоқ хўжалиги техникалари ва агрегатларини сотиб олишни молиялаштириш;

узоқ чўл ҳудудларида сув чиқариш иншоотларини барпо этиш ҳамда мавжудларини таъмирлаш ва модернизация қилиш;

соҳага янги замонавий технологиялар, инновацион ғоялар ва ишланмаларни олиб келиш ҳамда жорий этиш;

мутахассисларнинг халқаро кўргазмалар ва ярмаркаларда иштирок этиши, соҳадаги кадрлар малакасини ошириш, шу жумладан, ёш мутахассисларнинг хорижда ўқиши, стажировка ўташи, хорижий мутахассис ва маслаҳатчиларни жалб қилиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш;

Республика “Қоракўлчилик” уюшмасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда ишчи ходимларни моддий ва ижтимоий рағбатлантириш;

Республика “Қоракўлчилик” уюшмасига юклатилган бошқа вазифалар ижросини таъминлаш.

8. Республика “Қоракўлчилик” уюшмасининг Жамғармага Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағнинг 70 фоизини “Халқ банки” АТБ орқали қоракўлчилик субъектларига 3 йил муддатга йиллик 5 фоизлик, шу жумладан, 1,5 фоизи банк маржаси, кредит сифатида ажратиш ҳақидаги таклифи маълумот учун қабул қилинсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Республика “Қоракўлчилик” уюшмаси билан биргаликда бир ой муддатда Жамғарма маблағларидан фойдаланиш тартибини ишлаб чиқиб, тасдиқласин.

 

10. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Инновацион ривожланиш вазирлиги Республика “Қоракўлчилик” уюшмаси билан биргаликда қоракўлчилик хом ашёлари асосида яратиладиган ноёб дори воситалари – иммунитетни тикловчи “Тимоптин инъекцияси” ва камқонликда қўлланиладиган “Эритим”препаратларини ишлаб чиқаришни 10 бараваргача оширишчораларини кўрсин ва ушбу мақсад учун талаб этиладиган маблағлар ажратилишини таъминласин.

 

11. Ўзбекистон Фанлар Академияси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги қоракўлчилик хом ашёлари асосида яратиладиганКардин ва Афлан дори воситаларининг клиник синовларини олиб бориш ва ишлаб чиқаришни ташкиллаштирсин.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ушбу ишланмаларни грант маблағлари билан таъминласин.

12. Белгилаб қўйилсинки, 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб Республика “Қоракўлчилик” уюшмаси қоракўлчилик субъектларида қоракўл зотли қўйларнинг:

бош сони, генофондини сақлаш ва такомиллаштириш, наслчилик-селекция ишлари, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати юзасидан даврий мониторинг ҳамда жамоатчилик назоратини амалга оширади;

генофондини сақлаш, бошқа зотли қўйлар билан чатиштирмаслик ҳамда бириктирилган ер (яйлов) майдонларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш тўғрисида зарур тавсиялар беради.

13. Наслчилик қоракўлчилик хўжаликларига қарашли яйловларни туман ҳокимлиги захирасига олиш, шунингдек, бошқа йўналишдаги фермер хўжаликларига ва қишлоқ хўжалиги корхоналарига бериш Республика “Қоракўлчилик” уюшмасининг розилиги билан амалга оширилиши белгилаб қўйилсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш марказига қарашли Бухоро чўл яйлов озуқабоп ўсимликлар уруғчилиги илмий-ишлаб чиқариш марказини (кейинги ўринда – Марказ) “Ўзбекчорванасл” агентлиги таркибига ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Марказ ўз фаолиятини бевосита Республика “Қоракўлчилик” уюшмаси билан ҳамкорликда амалга оширсин.

 

15. Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги
ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлигининг:

 

Самарқанд шаҳри, Хишрав қўрғони, Самарқанд кўчаси, 1-уйда жойлашган Самарқанд қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежининг маъмурий биносини тегишли ҳудудлари билан биргаликда Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институтига оператив бошқариш ҳуқуқи асосида бепул бериш;

Самарқанд шаҳри, Мирзо Улуғбек кўчаси, 47-уйда жойлашган Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институтининг бино ва иншоотларини тегишли ҳудудлари билан бирга Самарқанд вилояти ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармасига оператив бошқариш ҳуқуқи асосида бепул бериш;

Самарқанд вилояти Ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат маркази ҳамда Самарқанд вилояти “Чорванасл” марказини Самарқанд шаҳри, Мирзо Улуғбек кўчаси, 47-уй манзилида жойлаштириш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фанлар академияси, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлиги мазкур бандда кўрсатилган бино ва иншоотларнинг белгиланган тартибда қабул қилиниши ва топширилишини таъминласин.

16. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги фундаментал, илмий-амалий ҳамда инновацион тадқиқотлар давлат илмий-техник дастурлари ва илмий мавзуларни шакллантиришда ветеринария, қоракўлчилик ва чорвачилик соҳасида юқори сифатли ветеринария воситалари, наслчилик ишларини юритишнинг ҳамда юқори ҳосилдор озуқа экинларининг янги навларини яратиш ва уруғчилигини йўлга қўйишнинг замонавий усул ва технологиялари ишлаб чиқилишини назарда тутувчи илмий лойиҳалар киритилишини таъминласин.

17. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Республика “Қоракўлчилик” уюшмаси билан биргаликда қоракўлчилик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни оммавий ахборот воситаларида мунтазам ёритиб борсин.

18. Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

19. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                                                                                         Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2019 йил 16 август

 
 

Манба: ЎзА

Поделиться