Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистонда ёшлар туризми янада ривожлантирилади
2019-08-16 | Туризм
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан мамлакатимизга ёш сайёҳларни жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ёшлар жалб этилувчи маданий-кўнгилочар тадбирлар ташкил этиш, ёш сайёҳлар учун имтиёзлар бериш тизимини яратиш ҳамда тегишли инфратузилмани барпо этиш кабиларни ўзида акс эттирувчи ёшлар туризмини ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилади.
Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) маълумотларига кўра, дунё бўйлаб туристлар орасида ёшлар сони ортиб бормоқда. Хусусан, 2018 йилда бутун дунё бўйлаб сайёҳлар сони 1,4 млрд кишини ташкил қилган бўлса, шундан 25 фоизи 30 ёшгача бўлган туристларни ташкил этмоқда. Ўзбекистонга 2018 йил якунлари бўйича 5,3 миллион хорижий турист ташриф буюрган бўлса, шундан 1,5 млн.дан ортиғини ёшлар ташкил этди
Мамлакатимизга ташриф буюрувчи сайёҳларнинг ўртача ёши 2010 йилда 60 ёшни ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб 45 ёшни ташкил этади. Бу эса мамлакатимизга ташриф буюрувчи туристлар орасида ёшлар кўпайиб бораётганлигини кўрсатади.
Мамлакатимизда ички туризмни ривожлантириш ва ёшлар туризмини оммалаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлар натижасида 2018 йилда маҳаллий туристлар сони 14 млн.дан ортди. Бу борада Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан “Tourism challenge” танлови, “Charity tour” акцияси ва шу каби кўплаб тадбирлар ташкил этилди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз ёшлар туризмини ривожлантириш учун етарли салоҳиятга эга. Юртимизга ёш туристларни жалб қилиш учун уларнинг хоҳишларини ўрганиш, қолаверса, уларнинг талабларидан келиб чиқиб, етарли шарт-шароитлар, тегишли инфратузилма объектларини яратиш зарурати юзага келмоқда.
Шу нуқтаи назардан, давлатимиз раҳбарининг ушбу Фармони билан Ўзбекистонда ёшлар туризмини ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, масаланинг долзарблигидан келиб чиққан ҳолда, бу борада амалга оширилиши лозим бўлган биринчи навбатдаги чора-тадбирларни аниқ белгилаб олиш ҳамда уларни изчил амалга ошириш вазифаси белгилаб берилди. Ўзбекистонда ёшлар туризмини ривожлантириш Концепциясининг ишлаб чиқилиши мамлакатимизда туризм турларини янада диверсификациялаш, юртимизга ёш туристларни фаол жалб қилиш бўйича устувор мақсад ва вазифаларни белгилаш, ёш туристлар оқимини янада ошириш, кўрсатилаётган туризм хизматлари сифатини яхшилаш ҳамда ёш туристларга мўлжалланган туризм инфратузилмасини яратилишини таъминлайди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги