Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш Давлат қўмитаси раиси Баҳром Норқобилов бошчилигидаги делегация 5-8 август кунлари ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўйича халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида Туркияга хизмат сафарини амалга оширди.
Делегация аъзолари Туркия Республикаси Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазирлигида бўлиб, соҳага доир қатор музокараларни олиб боришди. Хусусан, Туркия Республикаси Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазирлигининг ветеринария, чорвачилик, наслчилик ва балиқчилик йўналишлари бўйича амалга оширилаётган ишлари ва илғор тажрибалари борасида тақдимот ўтказилди.
Шунингдек, делегация Туркия Республикасининг Қишлоқ хўжалиги кредитлаш корпоративи бош бошқармасида ҳам бўлди. Учрашувда бошқарма фаолияти билан танишилиб, уруғчилик ва чорвачилик соҳасида наслчилик ҳамда фермер хўжаликларини корпоратив ҳисобидан кредит маблағлари эвазига молиялаштириш, келгусида улар томонидан етиштирилган маҳсулотларни реализация қилиш йўналишида ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ, деб топилди.
Қолаверса, қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари учун озуқа етиштириш майдонларига экиладиган сертификатга эга янги навли уруғларни экиш, уларни Ўзбекистоннинг иқлим шароитига мослаштириш бўйича музокаралар олиб борилди. Уруғчилик селекциясини янада ривожлантириш борасида икки давлат олимлари ҳамкорликда иш олиб боришига келишилди.
Делегация аъзолари Ўзбекистонга инвестиция киритиш ҳамда кенг ҳамкорлик қилиш истагини билдирган қатор салоҳиятли корхоналар фаолияти билан яқиндан танишди ҳамда келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари борасида келишиб олинди.
Икки давлат ўртасида чорвачилик маҳсулотларининг товар айланмасини таъминлаш ва тадбиркорлик субъектлари, шунингдек инвесторларга чорвачилик маҳсулотлари савдосига кенг имкониятлар яратиш мақсадида халқаро ветеринария сертификатлари лойиҳалари имзоланиб, чорвачилик маҳсулотлари ва хом ашёларини Ўзбекистондан Туркияга экспорт қилиниши учун замин яратилди.
Манба: ЎзА