Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Илм-фан тараққиёт йўлини очиб беради
2019-08-15 | Фан
Замонавий дунёда илм-фан тараққиёт воситаси бўлиб, дунё мамлакатлари иқтисодиётини инновацион ривожлантиришнинг энг муҳим элементларидан биридир. Ўзбекистон йирик илмий марказ ҳисобланади — юртимизда ривожланган илмий-тадқиқот базаси ҳам мавжуд, илмий салоҳият ҳам етарли.
Мамлакатимизда яратилган илмий-техник салоҳият маҳаллий ишлаб чиқариш ва ижтимоий соҳага янада кўпроқ даромад келтириши зарурлиги бугунги кун талабидир. Замонавий илм-фаннинг кўплаб соҳаларида нуфузли илмий мактаблар фаолият юритмоқда. 300 дан ортиқ илмий-тадқиқот институтларида, давлат олий ўқув юртлари ва бошқа таълим муассасаларида олимлар тадқиқот ишлари билан шуғулланмоқдалар.
Республикада олиб борилаётган илмий-инновацион фаолият ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг долзарб муаммоларини ҳал этишга қаратилган чуқур фундаментал тадқиқотлар, устувор амалий ва инновацион илмий-техник ишланмаларни қамраб олади. Давлат даражасида илмий-техникавий ва инновацион соҳага оид бир қатор қарорлар қабул қилинди ва улар муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Шундай қилиб, илм-фан деярли барча муҳим соҳаларни қамраб олади, мамлакатнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун илмий-техник асос яратади. Кейинги йилларда Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришда барқарорликка эришилди, режали макроиқтисодий кўрсаткичларнинг бажарилиши таъминланмоқда. Бу, биринчи навбатда, республикада маъмурий бошқарувдан бозор иқтисодиётига ўтишнинг узоқ муддатли иқтисодий сиёсатига таянган ҳолда чуқур ўйланган, амалга оширилаётган иқтисодий сиёсатнинг натижасидир. Маҳаллий инновацион технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этишни фаоллаштириш масалаларига тобора кўпроқ эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон олимларининг хорижий ҳамкасблар билан халқаро ҳамкорлиги ривожланмоқда. Илмий муассасалар халқаро ва хорижий илмий фондлар ва ташкилотларнинг грантлари бўйича кўплаб қўшма шартномалар тузмоқда. Хитой, Корея Республикаси, Франция, Италия, Германия, Польша, Россия, Украина, Белоруссия ва бошқа қатор илмий муассасалар билан ҳамкорлик қилиш бўйича муҳим шартномалар имзоланди. Халқаро илмий-техникавий ҳамкорлик икки томонлама битимлар, халқаро дастурлар бўйича илмий лойиҳаларни биргаликда бажариш асосида амалга оширилмоқда. Олимлар алмашинуви ва уларнинг халқаро конференцияларда иштироки йўлга қўйилди. Ёш кадрларнинг чет элда ҳам, мамлакатимизда ҳам лойиҳалар, дастурлар ва танловларда фаол иштирок этишига катта эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, Беларусь Республикаси билан илмий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш биз учун энг муҳим устувор вазифалардан биридир. Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан мамлакатларимиз ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича «йўл харитаси» ни бажариш борасида муайян ишлар амалга оширилди.
2019 йилнинг октабрь ойида юқори қўшимча қийматга эга қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга илмий тадқиқотлар ва инновацион ишланмалар натижаларини жорий этиш ҳамда Беларусь Миллий фанлар академияси ва Беларусь давлат технология университети билан ҳамкорликда юқори самарали қурилиш материаллари турларини яратишга қаратилган халқаро илмий-тадқиқот лабораториясини ташкил этиш тўғрисидаги битим имзоланиши режалаштирилган. Лаборатория ишига беларуслик олимлар ва мутахассислар жалб қилинади. Улар томонидан ишлаб чиқилган технологиялар умумий лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш асосида ўзлаштирилади.
2019-2020 йилларда Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий амалий маркази сунъий интеллект соҳасидаги тадқиқотларни кенгайтириш мақсадида Беларусиянинг «InData Labs» компанияси ва Беларусь Миллий фанлар академияси билан ҳамкорликда махсус бўлинма ташкил этиш кўзда тутилган. Бу ерда илмий ишланмалар, маълумотлар базаси натижалари таҳлил қилинади, тадбиркорлик субъектларини жалб этишга қаратилган электрон платформа яратилади.
Вазирлик ташаббуси билан мамлакатимизнинг юзга яқин ёш олимлари ҳамда 30 нафар олий таълим муассасаларининг Илм-фан ва инновациялар бўйича проректори, ИТМ директорларининг ўринбосарлари Белоруссиянинг илмий-тадқиқот институтлари ва нуфузли олий таълим муассасаларида қисқа муддатли амалиёт ўтадилар ва ўтамоқдалар. Давлатларимиз ўртасида илм-фан соҳасидаги ҳамкорлик юқори даражага кўтарилди ва ўз самарасини бермоқда. Томонлар 15 дан ортиқ қўшма илмий-тадқиқот лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Мавжуд катта салоҳиятдан янада самарали фойдаланиш мақсадида жорий йилда икки томонлама илмий-тадқиқот лойиҳалари танловлари ўтказилиши кўзда тутилган. Хусусан, бу биотехнология, фармацевтика, энергетика ва ахборот технологиялари соҳасида тадқиқотларни амалга ошириш ва ривожлантириш, уларни амалиётга жорий этишдир.
Натижада икки мамлакат илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик ўрнатилади ва илмий-техник ахборот алмашилади. Қўшма халқаро тадбирлар — конференциялар, семинарлар, кўргазмалар ўтказишдан ташқари, Беларусь илмий муассасалари вакиллари жорий йилнинг октябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган «Innoweek» халқаро инновацион ярмаркаси ва инновацион инвестицион форумга ташриф буюрадилар.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Белоруссияга расмий ташрифи чоғида технологиялар трансфери ва тижоратлаштириш масалалари муҳокама қилинди. Жумладан, Беларусь ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик доирасида юқори технологияли қўшма лабораториялар, технологик ва илмий боғлар ташкил этиш, шунингдек, технологиялар трансфери тармоғини яратиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш режалаштирилган.
Иброҳим Абдураҳмонов,
инновацион ривожланиш вазири,
Ўзбекистон фанлар академияси академиги,
Жаҳон фанлар академияси аъзоси.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги