Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБ) иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди
2019-08-15 | Иқтисодиёт
13 август куни ОИИБ делегациясининг ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан "Инфратузилмани яхшилаш орқали мамлакатни ривожлантириш йўллари" мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Вазирликлар, тармоқ идоралари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида бўлиб ўтган тадбир қўшма лойиҳаларни амалга оширишда банк билан ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига бағишланди.
Давра суҳбати давомида томонлар яқин ҳамкорлик ва Ўзбекистоннинг ҳудудларида стратегик лойиҳаларни амалга ошириш учун банк томонидан молиявий кўмакни жалб қилиш тўғрисида фикр алмашдилар. Шунингдек, Бухоро вилоятида сув таъминоти ва канализация тизимларини такомиллаштириш ҳамда йўлларни қайта тиклаш бўйича ОИИБ билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар кенг жамоатчиликка намойиш этилди.
Бундан ташқари, уй-жой қурилиш, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, чекка қишлоқларда аҳолини яшаш шароитларини яхшилаш, темир йўлларни электрлаштириш ва коммунал инфратузилмани яхшилаш соҳасидаги ҳамкорликнинг янги йўналишлари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон тижорат банклари билан ҳамкорлик қилиш ва саноат секторидаги лойиҳаларни молиялаштиришнинг альтернатив вариантлари тўғрисида алоҳида тўҳталиб ўтилди.
Давра суҳбати якунида ОИИБ Президенти Ўзбекистонга ташрифи ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди ва янги соҳалар ва йўналишларни қамраб олиш йўли орқали республикада ОИИБ фаолиятини кенгайтириши учун кенг уфқларни белгилаб берди, бу эса Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги асосий шерикларидан бирига айлантиради.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги