Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон-Грузия: Тошкентда Грузиянинг туристик салоҳияти тақдимоти бўлиб ўтди
2019-08-15 | Туризм
14 август куни Hyatt Regency Tashkent’да Грузиянинг туристик салоҳияти тақдимоти бўлиб ўтди. Унда Грузиянинг MICE-корпоратив ва бизнес туризм сегментида фаолият юритувчи 9 етакчи компания вакиллари ҳамда Ўзбекистоннинг 80 туроператори иштирок этди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Грузия Миллий туризм маъмурияти ташаббуси билан ташкил қилинди.
2019 йилнинг 11 августидан Тошкент-Тблиси-Тошкент авиарейсининг очилиши муносабати билан икки мамлакатда ҳам ҳамкорликдаги дўстона тадбирлар серияси ўтказилди.
Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган тадбирни Грузиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Зураб Абдушелишвили очиб берди. Элчи бу каби ҳамкорликдаги тадбирларнинг икки мамлакат туристик салоҳиятини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
“Бугунги тақдимот Грузиянинг сайёҳлик салоҳияти тарғиботига бағишланган. Бизнинг юртимизда туризмнинг турлари кўп – тоғ туризмидан тортиб то экотуризм, денгиз туризми ва бизнес туризмгача. Айни дамда тиббиёт ва MICE-туризмига эътибор қаратилмоқда. Тошкент-Тблиси-Тошкент тўғридан тўғри авиарейсининг очилиши икки томоннинг туризм муносабатларини янада ривожлантиришга хизмат қилади. Ҳозир Ўзбекистон ушбу соҳада бурилиш қилаётгани яққол сезилмоқда. Шуни таъкидлаб ўтмоқчи эдимки, UNWTO раиси менинг ватандошим, Грузиянинг Испаниядаги собиқ элчиси Зураб Пололикашвили мени Ўзбекистонга элчи этиб тайинланганим билан биринчилар қаторида табриклади ва бу мамлакат учун халқаро аҳамиятга эга катта туристик тадбирларни ўтказишга доим тайёрлигини айтди. Тўғридан тўғри авиарейс, дўстона муносабатлар, маданий алоқалар алмашинуви – ишончим комилки, келгусида буларнинг бари мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларда яхши самара беради”, - деди Грузия элчиси.
Грузия Миллий туризм маъмурияти қошидаги туризм бизнесини ривожлантириш бўйича менежер Магда Саникидзе Грузиянинг туристик салоҳияти тақдимотини ўтказди.
“Нима учун Грузияга саёҳат қилиш мақсадга мувофиқ? Қулай геолокация, замонавий инфратузилма ва б. Бизнинг мамлакатимиз халқаро хавфсизлик индекси бўйича 5-ўринни, тезкор ривожланаётган мамлакатлар индекси бўйича 4-ўринни эгаллайди. Шу билан бирга, мамлакатда ноёб ва қадимий маданият, қадимий алифбо, ЮНЕСКО номоддий маданий мерос репрезентатив рўйхатига киритилган халқ оғзаки фольклори, машҳур грузин ошхонаси, виночилик санъати сақланиб қолган, буларнинг барчаси Грузия туристик салоҳиятининг ўзига хос жиҳатларидан биридир”, - деди Магда Саникидзе.
Туристик салоҳиятнинг ранг-баранг тақдимоти икки мамлакат туроператорлари ўртасидаги B2B учрашув билан якунланди. Унда туроператорлар ўзаро фикр-мулоҳазалар ва тажриба алмашишди, янги туристик йўналишларни кашф қилишди. Тадбир охирида Ўзбекистон ва Грузиянинг туристик марказларига йўлланма ўйналди, шунингдек Грузия винолари дегустацияси ўтказилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги