Мактабларни янги ўқув йилига тайёрлаш учун қайси ҳудуд раҳбари энг кўп ёрдам бераётгани тўғрисида жамоатчилик фикри ўрганилмоқда
Мамлакатимизда 2019-2020 ўқув йили бошланишига саноқли кунлар қолди. Ёзги таътил давомида маҳаллий ҳокимиятлар ёрдамида мактабларни янги ўқув йилига тайёрлаш бўйича қатор ишлар амалга оширилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига халқ таълими муассасаларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг инфратузилмасини ривожлантириш масаласида ҳар томонлама кўмаклашиш вазифаси юклатилган, хусусан:
- тегишли ҳудудда умумтаълим муассасаларига ёрдам кўрсатишни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, шу жумладан, ўқитувчилар ва ушбу соҳа ходимларининг мақомини оширишга ёрдам бериш;
- халқ таълими муассасаларига кўмаклашиш масалалари бўйича вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларнинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботларини белгиланган тартибда эшитиш;
- нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотларига бериш учун бўш ер участкалари (ҳар бир ҳудудда йилига 50 лотдан кам бўлмаган) рўйхатини тасдиқлаш ва улардан доимий фойдаланиш ҳуқуқини “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончасида реализация қилиш;
- халқ таълими муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал ва жорий таъмирлаш, уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш, инфратузилмани (тротуарлар, йўллар ва бошқалар) зарур ҳолатда сақлаш бўйича буюртмачи функциясини амалга ошириш;
- халқ таълими муассасаларини электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви, зарур санитария-гигиена шароитлари ва бошқа коммунал хизматлар билан узлуксиз таъминлаш;
- туманлар (шаҳарлар)ни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича сектор раҳбарлари билан биргаликда халқ таълими муассасаларини ўқув йилига ва куз-қиш мавсумига ўз вақтида ва самарали тайёрлаш тадбирларини амалга ошириш;
- умумтаълим муассасаларининг хавфсизлигини таъминлаш, шу жумладан, ҳудудлар атрофини ўраш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича инспекторларни бириктириш, видеокузатув камералари, ёнғинга қарши сигнализация тизимларини, кириш йўлларида қоидабузарликларни қайд этувчи қурилмаларни ўрнатиш чора-тадбирларини кўриш;
- халқ таълими муассасалари ҳудуди ва кўчмас мулкининг бутунлигини ҳамда дахлсизлигини белгиланган тартибда таъминлаш;
- умумтаълим муассасаларини ривожлантириш учун инвестицияларни ва ҳомийлик ёрдамини жалб қилишга кўмаклашиш;
- халқ таълими муассасаларидаги мавжуд муаммоларни тез ва самарали ҳал қилиш бўйича бошқа чоралар кўрилишини ташкил этиш учун шахсан жавобгарлиги белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳудудий раҳбарларнинг тизимни ривожланишига қўшаётган ҳиссаси ва жойларда амалга оширилаётган ишларга баҳоси ҳақидаги аҳоли фикрини ўрганиш мақсадида, ўзининг расмий Telegram каналида (@uzedu) сўровнома ўтказмоқда.
Вазирлик барчани 1 сентябрь кунига қадар давом этадиган мазкур сўровномада фаол иштирок этишга чорлайди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги