Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистонда Мультииндикатор кластер кузатувини ўтказиш масалалари муҳокама қилинди
2019-08-14 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси раиси Баҳодир Бегалов UNICEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн билан Мультииндикатор кластер кузатувини ўтказиш масалаларини муҳокама қилиш юзасидан учрашув ўтказди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси 2020 йилда Мультииндикатор кластер кузатувини (Multiple Indicator Cluster Survey - MICS) ўтказади. Ушбу сўровни ўтказиш бўйича UNICEF Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан ҳамкорлик қилади. MICS мамлакатда охирги марта 2006 йилда ўтказилган.
Мультииндикатор кластер кузатуви (MICS) - бу 1995 йилда UNICEF томонидан ишлаб чиқилган, халқаро миқёсда тан олинган, уй хўжаликларини ўрганадиган тадқиқот ҳисобланади. Бу дунёдаги болалар ва аёллар тўғрисидаги энг катта статистик маълумот манбаларидан биридир.
Сўнгги йигирма йил ичида MICS 100 дан ортиқ мамлакатларда ўтказилиб, бунинг натижасида болалар ва аёллар фаровонлигининг асосий кўрсаткичлари бўйича маълумотлар тўпланди ва уларнинг ҳаётини яхшилашга қаратилган сиёсатни шакллантиришга ёрдам берди.
Бу Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг миллий маълумотлар сифатини яхшилаш ва халқаро миқёсда таққослаб бўладиган маълумотларни тўплаш бўйича олган мажбуриятларига мувофиқ келади. MICS мамлакатнинг Барқарор Тараққиёт Мақсадларига эришишга йўналтирилган саъй-ҳаракатларида ёрдам беради.
Кузатув соғлиқни сақлаш, овқатланиш, таълим ҳамда болалар ва аёллар фаровонлигига таъсир кўрсатадиган бошқа муҳим устуворликлар билан боғлиқ масалаларга ўз эътиборини қаратади.
Эслатиб ўтамиз, MICS мамлакатда охирги марта 2006 йилда ўтказилган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги