Шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасини тубдан янгилаш, аҳолининг ижтимоий шароитини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар самарасида обод ва гўзал масканлар кўпаймоқда.
Бу каби ислоҳотларнинг аксарияти янгича руҳда, кенг кўламда замонавий кўринишда амалга оширилмоқда. Жумладан, пойтахтимизда “Tashkent City” халқаро ишбилармонлик маркази қурилиши ишлари жадал олиб борилмоқда.
“Tashkent City” халқаро ишбилармонлик маркази лойиҳаси “ARUP” (Буюк Британия), “Tabanlioglu” (Туркия), “DPArchitects” (Сингапур) ва бошқа етакчи халқаро компанияларни жалб қилган ҳолда ишлаб чиқилган. Эътиборлиси, қурилиш ишларига давлат маблағлари жалб қилинмаган. Янги маскан жаҳон стандартларига мос равишда 3 йилда битказилиши режалаштирилган. Ҳудудда қурилаётган дастлабки объектлардан бири беш юлдузли меҳмонхона ва “Конгресс холл“ ҳисобланади. “Tashkent City” пойтахтимиз меҳмонлари, тадбиркорлар ва халқимизга хизмат кўрсатади. “Конгресс холл“дан эса давлат тадбирларини ўтказиш учун фойдаланилади.
Ҳудуддаги 80 гектар майдонда бизнес марказ, саноат парки, савдо мажмуалари, конференция заллари, ресторан ва маданий марказлар, кўп қаватли уйлар жадал суръатда қурилмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, объектлар қурилишида ностандарт ишланмалар ва архитекторлик лойиҳаларидан фойдаланилган. “Hilton” меҳмонхонаси мустаҳкамлигини таъминлаш учун 37 метргача бўлган чуқурликка 378 дан ортиқ қозиқлар ўрнатилди. “Конгресс холл“ остидаги тупроқ мустаҳкамланиши пурковчи цементлаш технологияси ёрдамида амалга оширилди. Мазкур бинонинг остига 3 минг 900 қозиқ ўрнатилган. Бундай технологияни амалиётга қўллашда, аввало, грунтнинг мураккаб таркиби ва бинонинг оғир вазни алоҳида эътиборга олинган. 4 минг 500 тоннага яқин пўлат, ойна ва алюмин тўрдан таркиб топган фасад қопламасидан фойдаланилди.
“Tashkent City” парки очилишига ҳам оз вақт қолди. Унда сайр ва дам олиш майдони, сунъий ҳовуз ва атрофида кўркам ресторанлар қурилади. Халқаро стандартлар асосида жиҳозланадиган планетарий лойиҳасини туркиялик мутахассислар ишлаб чиққан.
– Дунёнинг кўп мамлакатларида фавворалар қурганмиз, – дейди Хитойнинг фаввораларни лойиҳалаштириш ва қуриш бўйича машхур компанияси вакили Яо Тао Ёнг. – Ўзбекистондаги энг катта фаввора бўлиши кутилаётган “Tashkent City” ҳудудидаги сунъий кўл 138 катта-кичик гидротехник қурилмалардан ташкил топади. Фаввора рангли ва мусиқий бўлади. Бунинг учун фаввора атрофига 600 га яқин рангли прожектор ўрнатилади. Фавворанинг ўзига хос жиҳатларидан бири сувнинг 80 метргача юқорига отилишида акс этади. Махсус эффектлар учун эса замонавий механизмлар ўрнатилади. Улар сувнинг шакл билан сочилишини таъминлайди.
Фавворанинг ишлаш тизимидаги ноёб жиҳатлардан яна бири махсус техника ёрдамида қисқа видеолавҳаларни кўрсатишдир. Яъни унинг ёрдамида ўлчами 20х40 метр бўлган “сув экрани“ пайдо бўлади. Лойиҳа мутахассислари конструкциянинг ортиқча юкланишсиз ишлаши ва ҳар бирини алоҳида созлаш мумкин бўлиши учун махсус тизимни ишлаб чиққан. Шунингдек, ўзига хос эффектлар учун 2 қўшимча лазер ўрнатиш режалаштирилган.
“Tashkent City” хиёбонида майдони 1,5 гектарга тенг сунъий кўл ҳам барпо этилади.
– Сунъий кўл учун биологик дизайн қўлланилмоқда, – дейди Туркиянинг “Биоарт“ компанияси бошқаруви раиси Эрдал Есил. – Бу усул Ўзбекистонда илк бор қўлланилмоқда. Кўл биологик тоза сув билан тўлдирилади. Сувни алмаштиришга ҳожат бўлмайди, чунки янги тизим кўлдаги сувни автоматик тарзда тозалаб туради.
“Tashkent City” қурилишида жасур қиз иштирок этаётганидан кўпчилик яхши хабардор. У – осмонўпар кран бошқарувчиси Наргиза Арслоновадир. Беихтиёр Наргизанинг жасоратига қойил қоласиз.
– Бошида бу ердаги улкан қурилишни кўриб, тўғриси ҳаяжонланганман, – деди Н.Арслонова. – Ҳозир фахр ҳиссини туяман. Чунки пойтахтимизнинг қоқ марказида қад ростлаётган гўзал ва бетакрор “Tashkent City” қурилишида менинг ҳам меҳнатим бор.
Бугун азим Тошкент қиёфаси тубдан янгиланмоқда. Пойтахтимизнинг Олмазор, Мирзо Улуғбек, Юнусобод каби бир нечта туманларида ҳам “Tashkent City” андозасига яқин замонавий масканлар барпо этилмоқда.
Жумладан, Олмазор туманида қурилаётган замонавий дизайндаги “Olmazor city” турар жой мажмуаси ўзига хос услубга эга бўлади.
Умумий қурилиш майдони 23,5 гектардан иборат ҳудуд Кичик ҳалқа йўли, Қорасарой, Янги Олмазор ва Шимолий Олмазор кўчалари кесишувида бунёд этилмоқда. Бу ерда турар жой мажмуалари, таълим, тиббиёт муассасалари, спорт мажмуалари, овқатланиш ва бошқа маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, кўнгилочар марказлар қурилади.
Қурилишнинг биринчи босқичи 2020 йилда тугалланиши режалаштирилган. Демак, бир йилдан сўнг “Olmazor city”даги янги хонадонларда уй тўйлари бўлади.
Таъкидлаш жоизки, янги уйларни Туркиянинг “Mesa Mesken” қурилиш компанияси замонавий “Tunnel qolip” усулида барпо этмоқда. Компания мутахассислари сўзига кўра, “Tunnel qolip”нинг анъанавий усуллардан фарқли жиҳати бинонинг сейсмик мустаҳкамлиги, қурилиш жараёни тезлигида кўзга ташланади. Хусусан, 9, 12 ва 18 қаватли уйлар зилзила вақтида 9 баллгача силкинишга бардош беради.
– Ҳудудда ҳавони тозаловчи ва ёқимли микроиқлим яратишга имкон берадиган дарахтлар экилади. Анҳор бўйидаги сайр қилиш ҳудудининг узунлиги 800 метр бўлади. Бу ерда хиёбон бўйлаб сайр қилиш, махсус йўлакда велосипедда учиш мумкин. Мусаффо табиат қўйнидаги кўкаламзорда ўтириб ҳордиқ чиқариш, тамадди қилиш имкони мавжуд бўлади, – дейди “Olmazor city” турар жой мажмуаси менежери Бахтиёр Убайдуллаев.
Айтилишича, хонадонлар таъмирланган, яшаш учун тайёр ҳолда фойдаланишга топширилади. Ер ости автотураргоҳи кўп қаватли уйлар ҳовлисида табиий муҳитни сақлаш имконини беради.
Турар жой мажмуаси хавфсизлиги ҳам алоҳида эътиборга олинади. Бу ерда қўриқлаш хизмати фаолияти йўлга қўйилади. Мажмуада яшовчилар учун махсус ID-карта берилади. Бу ҳудудда жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
Ҳудудда спорт-соғломлаштириш мажмуаси қурилади. Бу ерда 2 минг квадрат метр майдонда сузиш ҳавзаси, фитнес зали, сауна, фитобар бўлади.
Яна бир қулайлиги мажмуага яқин 2-2 ярим километр масофада иккита метро бекати мавжуд. Яъни аҳоли шаҳар марказига чиқиш учун ортиқча қийинчиликка учрамайди. Шунингдек, янги уйларни 3 йил муддатга бўлиб тўлаш асосида харид қилиш имконияти ҳам мавжуд.
Бу каби улкан қурилиш замирида халқимиз турмуши фаровонлигини, уларга муносиб турмуш шароитини яратиш мақсади мужассам.
Абдулазиз МУСАЕВ, Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА
Манба: ЎзА