Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тадбиркорлар мурожаатлари бўйича ягона портал ишга туширилди
2019-08-13 | Иқтисодиёт
Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича ягона интерактив портал фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этишда уларни қабул қилиш, умумлаштириш, мониторинг олиб бориш ва назорат қилиш учун самарали тизим жорий этилишини назарда тутувчи “business.gov.uz” ягона интерактив портали ишлаб чиқилиб, 2019 йил 1 июндан синов тарзида ва жорий йилнинг 15 июнь кунидан бошлаб тўлиқ ишга туширилган.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича ягона интерактив порталнинг ишлаш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, мурожаатлар оғзаки, ёзма ва электрон шаклда ёхуд видео тасвир кўринишида ариза, таклиф ва шикоят шаклида берилиши мумкин.
Шу билан биргаликда, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси қошида ташкил этилган “Call-марказ” га +998 71 211-00-00 қўнғироқ рақами ва ягона 1100 қисқа рақам ажратилган бўлиб, унга келиб тушган мурожаатлар оғзаки мурожаат сифатида мазкур Низомда белгиланган тартибда қайд этилади, рўйхатга олинади ва кўриб чиқилади.
Қонунга кўра, жисмоний ва юридик шахсларга давлат органларига, ташкилотларга ва уларнинг мансабдор шахсларига якка тартибда ёки жамоа бўлиб мурожаат этиш ҳуқуқи кафолатланади.
Давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари мурожаатларни кўриб чиқишда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ҳамда қонунлари талабларига риоя этиши, уларнинг тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилиши учун чоралар кўриши, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари тикланишини ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича ўз ваколатлари доирасида чоралар кўриши шарт.
Мурожаатларни кўриб чиқишда тадбиркорлик субъектларининг фаолияти тўғрисидаги маълумотлар уларнинг розилигисиз, шунингдек давлат сирини ёхуд қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларнинг, агар бу тадбиркорлик субъектининг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини камситадиган бўлса, бошқа ахборотнинг давлат органлари, ташкилотлар ходимлари ва улар мансабдор шахслари томонидан ошкор этилишига йўл қўйилмайди.
Қарор лойиҳаси билан танишиб чиқиб, 2019 йил 24 август кунига қадар ўз таклифларингизни қолдиришингиз мумкин.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Савдо саноат палатаси