Сайёр қабуллар қачон натижа беради? Қачонки, фуқаролар бу қабуллардан рози бўлса. Давлатимиз раҳбари томонидан мутасаддилар олдига қўйилган талабларнинг замири ҳам аслида шу – одамларни рози қилишдир.
Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Б.Адиловнинг Бухоро туманидаги “Работак” маҳалласида ўтказилган сайёр қабулида айни шу масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари, бошқарма, ташкилот ва корхоналар масъуллари ҳамда туман ҳокимлиги вакиллари иштирокида уюштирилган сайёр қабулда вилоятнинг барча ҳудудларидан 58 нафар фуқаролар қатнашди. Мулоқотлар давомида суриштирув ва тергов, жазони ижро этиш, фуқаролик паспорти олиш ишлари юзасидан мурожаатлар бўлди. Уй-жой кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, ногиронлик аравачаси олиш, Бухоро тумани ҳудудидан ўтувчи М-37 магистрал автомобиль йўлининг аҳоли гавжум жойида замонавий пиёдалар ўтиш йўлакчаси барпо этиш масалалари ҳам кўтарилди. Тадбир натижадорлигига эришиш, фуқаролар талабларини тўлақонли қондириш, масалаларни холис ва қонунан ҳал қилиш мақсадида ҳар бир мурожаат бўйича масъуллар бириктирилиб, муаммоларнинг ечимини топиш муддатлари белгиланди.
Маълумот учун, Ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник Б.Адилов бир вақтнинг ўзида Жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи ҳисобланади. Шу сабабли табиийки, сайёр қабулда айнан жазони ижро этиш тизими билан боғлиқ мурожаатлар кўпчиликни ташкил этди. Хусусан, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларга ҳукм қилинган 34 нафар маҳкумлар томонидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш масаласида мурожаат қилинди. Вазир ўринбосари томонидан улар билан суҳбат ўтказилиб, шу ернинг ўзида “сайёр суд” мажлиси ташкил этилди. Жиноят ишлари бўйича Бухоро туман суди томонидан ўтказилган “сайёр суд” давомида мурожаат қилган маҳкумларнинг барчаси муддатидан илгари шартли равишда жазодан озод қилинди.
Айтиш жоизки, сайёр қабул жараёнида қайта мурожаатларга алоҳида эътибор қаратилиб, республика миқёсида ҳал этиладиган масалалар бўйича таклифлар тайёрланди. Бундай тадбирлар мавжуд ижтимоий-иқтисодий қийинчиликларни бартараф этиш, аҳоли фаровонлигини ошириш билан бирга, ички ишлар органлари нуфузини юксалтиришга хизмат қилади.
Манба: Бухоро вилояти ҳокимлиги