Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Каспий иқтисодий форуми: Инновацион технологиялар ҳамкорликка йўл очади
2019-08-12 | Инновация
Туркманистоннинг “Аваза” миллий туризм зонасида биринчи Каспий иқтисодий форуми бошланди.
Тадбир очилишида сўзга чиққанлар форумнинг аҳамияти, унинг Каспий бўйи минтақасида ҳамкорликнинг янги механизми, аҳил қўшнилик алоқаларини мустаҳкамлаш, савдо, транспорт, энергетика, туризм каби йўналишларда истиқболли лойиҳаларни самарали рўёбга чиқаришдаги ўрни ҳақида фикр билдирди. Ўзаро иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, инновацион ютуқларни оммалаштириш ва янги ғоялар алмашинуви бўйича алоқаларни мустаҳкамлаши таъкидланди.
Форум доирасида Каспий инновацион технологиялари ва “Туркманистон саҳроси – 2019” халқаро кўргазмалари бўлиб ўтмоқда.
Хусусан, Каспий инновацион технологиялари кўргазмасида Россия, Туркманистон, Эрон, Озарбайжон ва Қозоғистон билан бирга, Ўзбекистон стенди билан танишиш мумкин.
Ўзбекистон учун ажратилган павильонда мамлакатимизда ишлаб чиқарилган юқори технологиялар, энергетика, автомобилсозлик каби бир қатор соҳаларда эришилган инновацион ютуқлар намойиш этилмоқда.
“Made in Uzbekistan” бренди остидаги инновацион ишланмалар ва маҳсулотлар кўргазма иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотмоқда.
“Туркманистон саҳроси – 2019” халкаро кўргазмасидан, асосан, минтака давлатларида ишлаб чикарилган сўнгги русумдаги автомобиллар ўрин олган. Бу ерда мамлакатимизда ишлаб чикарилган автомобиллар ҳам намойиш этилмоқда.
Мамлакатимиз делегацияси аъзолари кўргазмалар доирасида Каспий бўйи минтақаси давлатлари ишбилармон доиралари билан музокаралар олиб бормоқда. Унда қатор соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликка доир келишувлар имзоланиши кутилмоқда.
Аъло Абдуллаев олган суратлар. ЎзА
Манба: ЎзА