Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Мутахассислар ОАВ нинг замонавий электр энергияси ҳисоблагичлари тўғрисидаги саволларига жавоб берди
2019-08-10 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигида ОАВ вакиллари, блогерлар ва фаоллар билан электр энергия ҳисобини юритиш бўйича “ақлли” ускуналарни ўрнатиш борасида юзага келган саволларга бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирининг ўринбосари Шерзод Хўжаев, «Ўзстандарт» агентлиги, РЭТ, “Elektron Xisoblagich” ҚК ҳисоблагичларни ишлаб чиқарувчи компания вакиллари иштирок этди.
Саволларнинг аксарияти аҳолининг электр энергияси ҳисобини юритиш бўйича янги ускуналарнинг ўрнатилиши ва иши бўйича шикоятларига бағишланди.
Ҳисоблагичлар ўрнатувчиларнинг ўз ишини яхши билмаслиги ҳақидаги саволларига жавоб берар экан, Энергетика вазирининг ўринбосари Шерзод Хўжаев сентябрь ойининг ўрталарида ягона қисқа рақам, уяли алоқа операторларига ўхшаш call-марказ ишга туширилишини қайд этди. Унда аҳолининг барча мурожаатлари қайд қилинади ва тезкор жавоблар қайтарилади.
Янги ҳисоблагичлар электр энергия истеъмолини бир неча баравар ошириб кўрсатиши ҳақидаги норозиликлар хусусида қуйидагилар маълум қилинди.
Эски ҳисоблагич ускуналарида, айниқса, механик турларида, аввалдан таъсирчанлик чегараси замонавий ҳисоблагичларникига қараганда анча юқори. Улар 30 йил ва ундан ортиқ ишлаганлигини эътиборга оладиган бўлсак, электр истеъмоли ҳисобини юритишда анча камомадга йўл қўяди. Янги ҳисоблагичлар эса ундан ўтаётган бутун энергия ҳажмини қайд этади. Ўтган асрга оид ҳисоблагичлар эса буни қайд қила олмаган.
- Ҳисоблагичларни яратишда электрэнергиядан ноқонуний фойдаланишни аниқлаш бўйича интеллектуал тизим қўлланилган. Агарда истеъмолчида аввал ҳисобга олинмаган уланишлар мавжуд бўлса, ҳисоблагич буни қайд этади. Бу борада иккита йўл бор эди. Ҳисоблагични ноқонуний уланишлар аниқланган ҳолда ўчиришни ёки ушбу муаммони қайд этган ҳолда ишни давом эттиришни дастурлаш мумкин эди. Биз иккинчи йўлни танладик, - деб изоҳлади Хўжаев.
Шунингдек, у янги ҳисоблагичлар битта рақамни кўрсатгани ҳолда смс-хабарда бошқа рақам кўрсатилиши ҳақидаги кенг тарқалган шикоятга ҳам изоҳ берди.
-Тан олиш керакки, 2012 йилда фойдаланишга топширилган мавжуд билинг тизими эскириб қолди. Олдимизда кенг кўламли вазифа – янги биллинг тизимини ишга тушириш вазифаси турибди ва биз ҳозир ушбу йўналишда иш олиб боряпмиз. Янги тизим маълумотларни ҳисоблагичлар билан синхрон тарзда, узилишларсиз акс эттиради, -деб изоҳлади Хўжаев.
У яна шуни қўшимча қилдики, мутахассислар ижтимоий тармоқлардаги шикоятларни танлаш йўли билан текшириб кўрди. Тушунтириш ишлари олиб борилиб, ҳисоблагичлар синчковлик билан текширилгач, барча шикоятлар бекор бўлди. Аммо истеъмолчиларнинг бу ҳақдаги ҳикояларини ижтимоий тармоқларга жойлаштиришга бўлган уринишлар пайтида бундай хабарлар блокка туширилди.
Энергетика вазирлиги ва бошқа турдош вазирликлар журналистлар, блогерлар ва фаоллар билан биргаликда аҳолининг барча шикоятларини истеъмолчилар хонадонига бориб текшириш, буни видеога олиш ҳамда журналистик тадқиқот жанридаги материал тайёрлашга кўмаклашиш истагини билдирди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги