Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Математикларимиз 14 медаль билан Африкадан Ўзбекистонга қайтди

2019-08-09 | Таълим

Куни кеча Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида ёш математикларимизни Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги масъуллари, кенг жамоатчилик вакиллари, ота-оналар, ёшлар тантанали кутиб олди.

Халқаро математика мусобақаси 2 босқичда, яъни индивидуал ва жамоалар орасидаги беллашув тарзида ўтказилди. Ўзбекистон терма жамоаси индивидуал беллашувда 1 олтин, 1 кумуш, 4 бронза ва 2 фахрий ёрлиқ ҳамда жамоалар беллашувида эса 8 бронза медалини қўлга киритган бўлса, ҳар икки тур бўйича терма жамоа жами 14 та медаль соҳиби бўлди.

Мусобақада 41 давлатдан, жумладан, таълим тизимлари умумэътироф этилган Жанубий Корея, Хитой, Сингапур, Гонконг, АҚШ, Буюк Британия, Канада, Австралия, Руминия, Болгария ва бошқа мамлакатлардан 500 нафардан ортиқ энг иқтидорли ўқувчилар математиканинг комбинаторика, сонлар назарияси, геометрия бўлимларига оид мураккаб ва ностандарт масалаларни ечишда беллашди.

Мусобақада иштирок этиш учун Ўзбекистон терма жамоасига ҳар бир ёш тоифаси бўйича 4 нафардан жами 8 нафар ўқувчи саралаб олинди.

Бухоро вилояти, Қоракўл туманидаги 1-сонли умумтаълим мактаб-интернатининг 7-синф ўқувчиси

Анваржон Раҳматов барча шартларда юқори натижа қайд этиб, фахрли биринчи ўринни эгаллаб олтин медални қўлга киритди.

– Халқаро мусобақага биринчи марта қатнашдим, – деди олтин медаль соҳиби Анваржон Раҳматов. – Аввалига жуда қаттиқ ҳаяжон босди. Рақибларим ҳам кучли эди. Шундай бўлса-да менга билдирилган ишончни оқладим. Қўлга киритган муваффақиятларимда ота-онам ва устозларимнинг меҳнати юқори бўлди. Устозларим берган билим ва тавсиялари туфайли ушбу халқаро мусобақада яхши натижа кўрсатиб, мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилдим.

– Фарзандим Жаҳонгир 5-синфда ўқиётганида математика фанига қизиқиши ошди, – деди Бухоро вилояти Пешку туманидаги 18-мактаб ўқитувчиси Жўрабек Муродов.– Ўзим математика фани ўқитувчиси бўлганим учун унга мактабда ва уйда фан сирларини ўргатардим. У йилдан-йилга чархланиб борарди. Бир неча марта мамлакатимизда ҳар йили ўтказиладиган билимлар беллашувининг республика босқичида иккинчи ўринни қўлга киритди. 2016 йил Таиланд Қироллигида, 2018 йил Болгарияда ва бу сафар Африка Республикасида ўтказилган халқаро математика мусобақасида кумуш медални қўлга киритди. Кейинги мусобақаларда олтин медални қўлга киритиши учун астойдил ҳаракат қиламиз.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 19 май куни мазкур мусобақанинг II республика саралаш босқичи Самарқанд шаҳрида ўтказилган эди. Унда ҳудудлардан саралаб олинган 140 нафар иқтидорли ўқувчи иштирок этиб, мусобақа якунида 8 нафар иқтидорли ёшлар Ўзбекистон терма жамоасига саралаб олинганди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги

Поделиться