Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Туркия элчиларининг XI йиллик конференциясида иштирок этди
2019-08-06 | Сиёсат
2019 йилнинг 5 август куни Анқара шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Туркия элчиларининг XI йиллик конференциясида фахрий меҳмон сифатида иштирок этди ва нутқ сўзлади.
Туркия элчиларининг йиллик конференциялари 2008 йилдан бери Туркия Республикасининг барча фавқулодда ва мухтор элчилари иштирокида ўтказилмоқда. Ушбу тадбир мамлакатнинг сиёсий ва дипломатик фаолиятини такомиллаштириш, халқаро ҳамкорликни ички ва идоралараро мувофиқлаштиришни кучайтириш ва серқирра ташқи сиёсат юритишда муҳим рол ўйнайди.
Бу йили конференцияга Украина Президенти Владимир Зеленский, Иордания Ташқи ишлар вазири Айман Сафади, БМТнинг Ливандаги махсус координатори Ян Кубиш, БМТ Бош котибининг Ливия бўйича махсус вакили Гассан Саламе ва бошқа юқори мансабдор шахслар ҳам таклиф этилган.
Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўз нутқида қайд этганидек, унинг бундай тадбирда иштирок этиши икки мамлакат ўртасида ўзаро ишонч ва ҳурматнинг юқори даражасининг ёрқин намунасидир.
Вазир таъкидлаганидек, 2017 ва 2018 йилларда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга ва Туркия Президенти Ражеп Таййип Эрдоғаннинг Ўзбекистонга ташрифлари бугун стратегик шериклик даражасига кўтарилган муносабатларимиз тарихида янги саҳифа очди.
Абдулазиз Камилов ўз нутқида жаҳон ва Марказий Осиё минтақасидаги вазиятнинг ҳолати ва ривожланиш истиқболлари бўйича Ўзбекистон қарашлари тўғрисида сўзлаб берди, минтақавий ва глобал таҳдидларга тўхталди, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кенг макроминтақада тинчлик ва барқарор ривожланишни таъминлашга қаратилган ташқи сиёсий ташаббусларини изоҳлади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги