Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Туркия ташқи ишлар вазирлари учрашуви тўғрисида
2019-08-06 | Сиёсат
Туркия Республикаси Ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғлу таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов амалий ташриф билан Туркияда бўлиб турибди. Ташриф доирасида 2019 йил 5 август куни Анқара шаҳрида икки давлат ТИВ раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтди.
Вазирлар икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар, ташқи сиёсат идоралари раҳбари раислигида бугун ўз ишини бошлайдиган Стратегик режалаштириш гуруҳининг биринчи йиғилиши кун тартиби юзасидан фикр алмашдилар. Мазкур гуруҳга 2018 йил Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Туркия раҳбарлари томонидан асос солинган.
Ташриф дастурига мувофиқ Абдулазиз Камилов икки мамлакат ТИВ раҳбарлари раислигида бўлиб ўтадиган Стратегик режалаштириш гуруҳининг биринчи йиғилишида иштирок этади, Туркия элчиларининг ўн биринчи йиллик конференсиясида нутқ сўзлайди ҳамда Туркиянинг юқори мансабдор вакиллари билан қатор учрашув ва музокаралар ўтказади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги