Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон -Малайзия қўшма факультети магистратурада ўқиш учун ҳужжатларни қабул қилишни бошлади
2019-08-05 | Таълим
2019 йилнинг 1 июнидан Тошкент молия институтида “Binary Graduate School” магистатура дастури учун ҳужжатларни қабул қилиш бошланди. Дастур Малайзиянинг “Binary" Бошқарув ва тадбиркорлик университети билан биргаликда ташкил этилган.
“Binary" университети 1984 йилда Малайзияда ташкил этилган бўлиб, мамлакатда ўқув жараёнига амалий билимларни жорий қилиш ва талабаларда замонавий профессионал малакани шакллантириш бўйича етакчи мавқега эга.
Ўзбекистоннинг Куала-Лумпур шаҳридаги Элчихонаси маълумотига кўра, “Binary Graduate School” Ўзбекистон - Малайзия факультети ўқув дастури 2018 йил 26 ноябрда Малайзияда Тошкент молия институти ректори Улуғбек Азизов ва “Binary" Бошқарув ва тадбиркорлик университети ректори Жозеф Адайкалам томонидан имзоланган.
“Бизнес бошқаруви" (Business Administration), “IT менеджмент" (Information Technology Management) ва “Бухгалтерия ва молия” (Accounting & Finance) йўналишлари бўйича Тошкент шаҳрида ўқитиш 2019 йил октябрь ойидан бошланади. Машғулотлар давомийлиги “Бизнес бошқаруви" ва “IT менежмент" мутахассисликлари бўйича 18 ойни, “Бухгалтерия ва молия” йўналишида эса 24 ойни ташкил этади. Ўқув дастури якунида битирувчиларга икки олий таълим муассасасининг тегишли дипломлари берилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги