Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Туристик бизнес вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказилди
2019-08-01 | Туризм
Ўзбекистон Президенти маслаҳатчиси ўринбосари Мансурбек Оллоёров ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Улуғбек Касимходжаев Тошкент шаҳрида туристик компаниялар, меҳмонхона ва ресторан бизнеси, тегишли ташкилот ва идоралар раҳбарлари билан учрашишди. Тадбир Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан ташкил этилди.
Учрашувдан мақсад - Президентнинг “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳаси жозибадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаъги фармон ҳамда “Ўзбекистон Республикаси туристик салоҳияти тарғиботида сайёҳлик инфратузилмасини яхшилашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаъги қарор лойиҳаларини муҳокама қилиш. Учрашув иштирокчиларининг сўзларига кўра, бу Ўзбекистон тарихида мамлакат раҳбариятининг туристик бизнес вакиллари билан ўтказган биринчи очиқ мулоқотидир.
Президент маслаҳатчиси ўринбосари Мансурбек Оллоёров ва Туризм қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари в.б. Улуғбек Касимходжаев туристик бизнес вакиллари билан долзарб муаммоларни муҳокама қилишди. Жумладан, туристик инфратузилма, йўловчи ташиш транспорти, меҳмонхоналар нархи ва уларга юлдуз бериш тизими, табиий ҳудудлар, ҚҚС, кадрлар малакасини ошириш билан боғлиқ муаммолар ўртага ташланди.
Тадбир доирасида кўтарилган масалалар ва берилган таклифлар тегишли фармон ҳамда қарорлар, норматив ҳужжатлар лойиҳаларини яратишда инобатга олиниши таʼкидланди. Таʼкидлаш жоизки, ўтган қисқа вақт давомида туризм соҳасида республика туристик салоҳиятини ҳар томонлама ривожлантириш ва тадбиркорлик фаолиятини ошириш бўйича қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Олиб борилган ишлар натижасида 2019 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга 3 миллиондан зиёд хорижий сайёҳ келди ва бу 2017 йилнинг шу давридаги кўрсаткичларга нисбатан анча кўпдир. Шунингдек, 4.2 минг меҳмонхона номерлари яратилди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,8 баравар кўп демакдир.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги