Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва озиқ-овқат саноатини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

2019-08-01 | Ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Республиканинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасидаги салоҳиятини янада ошириш, олиб борилаётган ислоҳотлар ва замон талабига тўлиқ жавоб берадиган ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, стандартлаш ҳамда агробизнес йўналишида консалтинг, маркетинг хизматларини ривожлантириш ва илмий тадқиқотларга асосланган интенсив агросаноат тизимини ташкил қилиш, озиқ-овқат саноатини янада ривожлантириш, соҳанинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ва аграр соҳага замонавий технологияларни жорий қилиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Ўзстандарт” агентлиги ва “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ХК томонидан Ўзбекистон Республикасида 2019-2021 йилларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва озиқ-овқат саноатини янада ривожлантириш мақсадида ишлаб чиқилган:

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий турларини қайта ишлаш ва экспорт қилишнинг прогноз кўрсаткичлари 1-иловага мувофиқ;

хорижий кредит линиялари ҳисобидан йирик агрологистика комплексларини ташкил этиш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси2-иловага мувофиқ;

замонавий агрологистика марказларини ташкил этиш бўйича инвестиция лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар режаси 3-иловага мувофиқ;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича инвестиция лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар режаси 4-иловага мувофиқ;

импорт ўрнини босувчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар режаси 5-иловага мувофиқ;

мева-сабзавотчиликка ихтисослашган туманлардаги самарасиз боғлар ўрнида интенсив боғлар ташкил этишнинг мақсадли параметрлари 6-иловага мувофиқ;

республика ҳамда ҳудудий синов ва сертификатлаштириш марказлари ҳузуридаги синов лабораторияларини модернизация қилиш бўйича чора-тадбирлар режаси 7-иловага мувофиқ;

қабул қилинадиган озиқ-овқат саноати соҳасидаги халқаро стандартлар рўйхати 8-иловага мувофиқ;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича “Йўл харитаси” (бундан буён – “Йўл харитаси”) 9-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги,Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ ва “Асака” АТБ ҳамда бошқа тижорат банклари билан биргаликда жалб этилаётган қуйидаги манбалар ҳисобидан:

а) мазкур қарорнинг 2-5-иловаларига мувофиқ амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари ва чора-тадбирларга тегишлилиги бўйича:

Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари қўшма инвестиция компанияси маблағлари;

Жаҳон банкининг қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва рақобатбардошликни ошириш учун 200,0 миллион АҚШ доллари ҳамда қишлоқ хўжалигида тадбиркорликни ривожлантириш учун200,0 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағлари;

Осиё тараққиёт банкининг йирик замонавий агрологистика комплексларини ташкил этиш учун 347,0 миллион АҚШ доллари ва чорвачиликни ривожлантириш учун 150,0 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағлари;

Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг мева-сабзавотчиликни ривожлантириш учун 200,0 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағлари;

Франция ривожланиш агентлигининг чорвачиликни ривожлантириш учун 170,0 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағлари;

Халқаро қишлоқ хўжалигини ривожлантириш жамғармасининг қишлоқ хўжалигини диверсификация ва модернизация қилиш учун46,6 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағлари;

б) мазкур қарорнинг 7-иловасида назарда тутилган синов лабораторияларини модернизация қилишга Жаҳон банкининг 6,2 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағларининг йўналтирилишини таъминласин.

3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Осиё тараққиёт банки иштирокида “Мева-сабзавотчилик тармоғида қўшилган қиймат занжири инфратузилмасини ривожлантириш”лойиҳасини амалга ошириш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи қарор қабул қилсин:

лойиҳанинг умумий қиймати 244,75 миллион АҚШ доллари, шу жумладан, Осиё тараққиёт банкининг қарз маблағлари 197,0 миллион АҚШ доллари, Ўзбекистон Республикасининг улуши солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш, инвестиция даврида молиявий харажатларни тўлаш ва бошқа сарф-харажатларни инвестиция даврида молиялаштириш эвазига жами 47,75 миллионАҚШ доллари эквивалентини ташкил этиши;

Қишлоқ хўжалиги вазирлигини лойиҳанинг буюртмачиси ҳамда Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлигини эса унинг ижро этувчи органи этиб белгилаш;

Осиё тараққиёт банки билан имзоланган қарз битими ва лойиҳанинг техник-иқтисодий асосланишига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқини бериш ҳамда лойиҳанинг амалга оширилишини тезлаштириш.

4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси билан Осиё тараққиёт банки ўртасида имзоланадиган молиялаштириш тўғрисидаги қарз битими юзасидан белгиланган тартибда юридик хулоса берсин.

5. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлашни ривожлантириш бўйича ишчи гуруҳи (бундан буён – Ишчи гуруҳ) 10-иловага мувофиқ таркибда тузилсин ва унга мазкур қарорнинг 2-9-иловаларида назарда тутилган инвестиция лойиҳалари ва тадбирларни амалга оширишни ташкил этиш, лойиҳа ташаббускорлари билан бирма-бир учрашиб, лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида юзага келган муаммоларни ҳал этишга кўмаклашиш ҳамда уларнинг муддатида ва сифатли амалга оширилишини мониторинг қилишвазифаси юклатилсин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари мазкур қарор иловаларига мувофиқ амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари учун зарур ер майдонлари ва бўш бинолар ажратилишини ҳамда муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш масалаларини ҳал этсин.

Ишчи гуруҳи (Б.Ходжаев) мазкур қарор ижросининг бориши юзасидан ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб борсин.

6. Белгилаб қўйилсинки:

а) Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги:

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари секторида юқори қўшилган қиймат занжирини яратишни рағбатлантириш мақсадида экинларни жойлаштириш ва қайта ишлашнинг самарали инфратузилмасини яратиш;

маҳсулотларни йиғиш, ташиш, сақлаш, қайта ишлаш, қадоқлаш, ички ва ташқи бозорга етказиб бериш борасида хизмат кўрсатувчи замонавий агрологистика комплекслари ва марказлари тизимини шакллантириш;

агрологистика комплекслари ва марказларини жойлаштириш, қуриш, уларни бошқариш бўйича компанияларни ташкил этиш;

хусусий секторни кенг жалб қилган ҳолда агрологистика комплекслари ва марказларида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини халқаро талаблар асосида, сифат ва хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича тўлиқ синовларни ўтказиш имкониятига эга бўлган лабораториялар, божхона терминаллари ва бошқа хизматларни йўлга қўйиш;

кооперация иштирокчилари, деҳқон ва фермер хўжаликлари, агрокластерлар ва қишлоқ хўжалиги бирлашмаларини яратилаётган агрологистика комплекслари ва марказлари фаолиятига кенг жалб қилган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва экспорт ҳажмларини ошириш бўйича манфаатдор вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштириб боради;

б) Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги:

1-иловага мувофиқ тасдиқланган прогноз кўрсаткичларига эришиш учун амалга оширилаётган ишларни;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда “Йўл харитаси”да белгиланган чора-тадбирларнинг муддатида ва сифатли бажарилишини мувофиқлаштириб боради;

в) “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ХК:

мазкур қарорнинг 5-иловасида назарда тутилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан чоралар кўради;

импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш бўйича ишларни тизимли ташкил этади.

7. 2019 йил 1 августдан бошлаб шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

а) қишлоқ хўжалиги маҳсулотини экспорт қилувчиларнинг маҳсулотни сертификатлаштириш бўйича харажатлари“Ўзстандарт” агентлигининг асослантирилган ҳисоб-китобларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қопланади;

б) қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасидаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун жалб қилинадиган тижорат банкларининг кредитлари бўйича Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасимаблағлари ҳисобидан:

миллий валютада, қиймати 10 миллиард сўмдан ошмайдиган миқдордаги, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қайта молиялаштириш ставкасининг 1,5 бараваридан ошмайдиган фоиз ставкасида – қайта молиялаштириш ставкасидан ошадиган қисмига, бироқ 5 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда;

хорижий валютада, қиймати эквивалентда 10 миллиард сўмдан ошмайдиган миқдорда жалб қилинадиган кредитлар бўйича – тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 40 фоизи, аммо 4 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация берилади;

кредит суммасининг 50 фоизигача, бироқ 8 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда кафилликлар берилади;

в) мазкур қарорнинг 6-иловасига мувофиқ самарасиз боғлар ўрнида интенсив боғлар ташкил этиш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 мартдаги ПҚ-4246-сон “Ўзбекистон Республикасида боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори 7-бандининг “б” ва “в” кичик бандларида назарда тутилган давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари татбиқ этилади.

8. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси:

Самарқанд, Андижон, Тошкент, Фарғона, Жиззах ва Сурхондарё вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда 2019 йил 1 октябрга қадар мазкур қарорнинг 2-иловасига мувофиқ ҳудудларда барпо қилинадиган йирик агрологистика комплекслари учун ер майдонларини ажратиш, агрологистика комплексларини муҳандислик, йўл ва транспорт инфратузилмаларига уланишини таъминлаш юзасидан аниқ чора-тадбирларни амалга оширсин;

Бухоро ва Хоразм вилояти ҳокимликлари билан биргаликда 2019 йил 1 декабрга қадар Бухоро ва Хоразм вилоятларида йирик агрологистика комплексларини барпо этиш учун халқаро молия институтлари ҳамда хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг маблағларини жалб этиш чораларини назарда тутувчи ҳукумат қарори лойиҳаларини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан кооперация бирлашувини жорий қилиш бўйича Жиззах вилоятининг Ғаллаорол ва Зомин туманларида, Самарқанд вилоятининг Булунғур ва Ургут туманларида, Фарғона вилоятининг Олтиариқ ва Қува туманларида, Тошкент вилоятининг Қибрай ва Паркент туманларида ўтказилган тажриба-синовларнинг ижобий натижаларига кўра мазкур тажрибани республиканинг бошқа ҳудудларида оммалаштириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сотиш (сотиш бўйича хизмат кўрсатиш), таъминот, боғдорчилик, томорқа, чорвачилик хизматлари ва бошқа хизматлар кўрсатувчилар томонидан аъзолик бадаллари (пайларни) киритиш асосида ташкил қилинган қишлоқ хўжалиги бирлашмалари субъектлари сонини ошириш, уларга кенг имконият ва қўшимча қулайликлар яратиш мазкур соҳадаги устувор йўналишлар деб белгилансин.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ва бошқа манфаатдор вазирлик, идоралар ва уюшмалар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида аҳоли, томорқа ер эгалари, деҳқон ва фермер хўжаликлари томонидан қишлоқ хўжалиги кооперация бирлашмаларини ташкил қилиш, кооперация асосида тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва юритишни кенг жорий қилиш чораларини кўрсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда:

2019 йил 1 октябрга қадар боғдорчилик ва иссиқхона хўжаликларини қўшимча молиявий қўллаб-қувватлашнинг аниқ манбаларини кўзда тутган ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 мартдаги ПҚ-4239-сон “Мева-сабзавотчилик соҳасида қишлоқ хўжалиги кооперациясини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 5-бандида назарда тутилган қишлоқ хўжалиги бирлашмалари ва уларнинг аъзоларига давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларининг таъсирчанлигини таъминласин.

11. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги:

2019 йил 1 сентябрга қадар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифат ва хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича халқаро стандартлар талабларига мувофиқлигини таъминлаш, халқаро бозорларда “ўзбек сифати” белгисини янада мустаҳкамлаш ва унга эътиборни кучайтириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин;

давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларидан фойдаланган ҳолда қуриладиган агрологистика комплекслари ва марказларида замонавий сақлаш жойлари, шу жумладан, тез бузиладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини мақбул ва узоқ сақлашга мўлжалланган музлатиш омборлари ва термо-режим омборлари, транспорт парки, маҳсулотнинг рақобатбардошлиги ва экспорт салоҳиятини ошириш учун уларни миллий ва халқаро стандартларга мувофиқ калибрлаш, қадоқлаш ва маркировкалаш учун ускуналарнинг мавжудлиги, маҳсулот ва уни етиштириш агротехнологик жараёнларининг сифат кўрсаткичлари мувофиқлигини текшириш учун лаборатория мавжудлигига эътибор қаратсин.

12. “Ўзстандарт” агентлиги Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда:

мазкур қарорнинг 8-иловасида назарда тутилган ҳужжатларни асли ёзилган тилларда қабул қилиш;

халқаро стандартларни давлат тилига таржима қилиш орқали давлат фондига киритиш ишларини Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги маблағлари ҳисобидан молиялаштириш ва 2019-2021 йилларда тенг улушларда 4,5 миллиард сўм маблағ ажратиш;

2019-2021 йилларда ҳудудларда озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг халқаро талаблар асосида, сифат ва хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича тўлиқ синовларни ўтказиш имкониятига эга бўлган лабораторияларни ташкил этиш чораларини кўрсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси:

2019 йил 1 ноябрга қадар Давлат активларини бошқариш агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ҳокимликлари билан биргаликда Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Навоий, Наманган ва Бухоро вилоятлари ҳудудий инспекцияларини бино билан таъминлаш ва замонавий халқаро лаборатория талабларига жавоб берадиган ускуналар билан жиҳозлаш;

марказий карантин лабораторияси ҳамда Сирдарё, Сурхондарё, Қашқадарё ва Хоразм вилоятлари ҳудудий инспекцияларининг замонавий лаборатория биноларини қуриш ишларини 2020 йил 1 апрелга қадар якунлаш;

2020 йил 1 сентябрга қадар марказий карантин лабораториясини халқаро аккредитациядан ўтказиш;

2020 йил 1 ноябрга қадар марказий ва ҳудудий карантин инспекцияларини қўшимча 5 та сайёр (мобиль) лабораториялар билан таъминлаш чораларини кўрсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги ПҚ-3818-сон “Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига 2-иловадан “8418 69 000 9” ва “8415 81 001 0” позициялар чиқариб ташлансин.15. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан ҳамкорликда 2019 йил 1 октябрга қадар“agroonline.uz” ахборот тизими негизида:

аҳоли хонадонлари, деҳқон ҳамда фермер хўжаликлари далаларида етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг турлари ва ҳажмлари бўйича электрон маълумотлар базасини;

тайёрлов корхоналари, сақловчи, қайта ишловчи, экспорт қилувчи ташкилотлар ва бошқа харидорларнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини маҳсулот турлари ва ҳажмлари бўйича ягона электрон ахборот тизимини;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари, қишлоқ хўжалиги бирлашмалари ва улгуржи харидорлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамда шартномавий муносабатларни (контрактация) электрон тижорат шаклида ташкил этиш тизимини ишлаб чиқиб, жорий этилишини таъминласин.

16. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

17. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Р.А.Гулямов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                                                                Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2019 йил 29 июль

Манба: ЎзА

Поделиться