Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи остида саноат кўргазмаси иш бошлади
2019-07-31 | Иқтисодиёт
Фарғонада “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи остида вилоят саноат маҳсулотлари кўргазмаси иш бошлади.
Мамлакатимизда оилавий бизнес, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, ишбилармонларнинг барча йўналишдаги салоҳиятини рўёбга чиқариш ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар бугун ўзининг амалий самараларини бермоқда. Хусусан, Фарғона вилоятида ҳам тадбиркорларнинг истиқболли лойиҳалари ишга тушиши натижасида рақобатбардош, сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкони яратилди. Фарғона шаҳар кичик саноат зонасининг катта павильонида ташкил этилган мазкур кўргазмада бу янада яққол намоён бўлди.
Ярмаркада қатнашаётган Қўштепа туманидаги “Фибер Гласс” оилавий корхонасида ювиниш хонаси, ошхона ва ҳожатхона учун акрил шишапластдан сантехника воситалари ишлаб чиқарилади. Ҳозирча ички бозорни тўлдираётган мазкур корхона ўз маҳсулотларини яқин кунларда экспорт қилиш ҳаракатида. Марғилон шаҳридаги “Фарғонақувур таъминот” корхонаси эса мазкур нуфузли кўргазмада иштирок этиб, ҳамкорлар учун турли ҳажмдаги иситиш қозонлари ва темир панжараларни таклиф қилмоқда. Турли сиғимдаги иситиш қозонлари Қўштепа, Тошлоқ туманлари, Марғилон ва Фарғона шаҳарларидаги мактабгача таълим масканлари, мактаблар, шифохона ва кўп қаватли уйларга ўрнатилмоқда. Газ, кўмир, ўтин ёқишга мўлжалланган ушбу қозонлар камхарж ва кўпроқ иссиқлик ишлаб чиқариши билан ярмарка иштирокчиларининг эътиборини тортди.
– “Winchemical” Ўзбекистон – Жанубий Корея қўшма корхонаси бу кўргазмага янги маҳсулотларини олиб келди, – дейди корхона мутахассиси Баҳром Жўраев. – Ўнга яқин гулқоғозлар, деворга ёпиштириладиган ғиштсимон мосламалар, тўшамаларнинг хона ҳароратини бир меъёрда ушлаб туриши, изоляцион экани, ювиш осонлиги кўпчиликка манзур бўлмоқда.
Саноат ярмаркасида иштирокчилар эътиборига сазовор бўлган Бувайда туманидаги “Фозилхон трейлер” масъулияти чекланган жамиятида тайёрланаётган енгил автомобиллар учун тиркамалар буюртма асосида водий вилоятларига етказиб берилмоқда. Тиркамалар ишлаб чиқаришда хомашёнинг 80 фоизи маҳаллий бўлса, 20 фоизи Россия давлатидан келтириляпти. Корхона учун жой муаммоси бор эди, кўргазма сабаб тумандаги кичик саноат зонасидан ер ажратиладиган бўлди.
Шу тумандаги туркиялик ҳамкорлар билан ташкил этилган “Сидо” оёқ кийимлари ишлаб чиқариш қўшма корхонаси эркак ва аёллар учун ўз маҳсулотларини намойиш қилмоқда.
– Инсон бирор нарса харид қилар экан, уни кийганда сифатидан баҳраманд бўлиши керак, – дейди туркиялик ишбилармон Булган Синан. – Мақсадимиз қулай, арзон, бежирим ва, энг асосийси, сифатли маҳсулотлар тайёрлаш. Йигирма нафарга яқин ишчи сонини келажакда кўпайтириб, қўшма корхонамизни янада кенгайтирмоқчимиз. Болалар оёқ кийимлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, импорт ўрнини босиш ниятидамиз.
2015 йилда ташкил топган “Марғилон текстиль бўёқ” масъулияти чекланган жамияти матоларни бўяш фаолияти билан шуғулланади. Бу ерда бир ойда 100 пагонометр материаллар турфа рангларда жилоланиб, харидорларга етказилмоқда. Корхона ишчиси Муҳаммадали Набиевнинг айтишича, галдаги ҳаракат фақат экспортга йўналтирилади.
– Ярмаркада “Сайқал” савдо ишлаб чиқариш корхонасининг деярли барча маҳсулотлари намойиш қилинмоқда, – дейди корхона бош директори Абдураҳмон Ниёзов. – Бундай кўргазманинг аҳамияти шундаки, бизга зарур хомашё бошқа бир тадбиркорда бўлиши мумкин. Масалан, оёқ кийим ишлаб чиқарадиган қатор дастгоҳлар корхонамизда тайёрланади. Ярмаркада биз билан ёнма-ён турган оёқ кийим ишлаб чиқарувчилар хориждан фалон пулга ускуналар олиб келмоқчи экан. Оёқ кийим ишлаб чиқаришга мўлжалланган дастгоҳларимизни кўришди, уларга маъқул келяпти. Уларни йўлкирага кетадиган маблағ эвазига сотиб олишлари мумкин энди. Кўргазма мобайнидаги келишувлар, шартномалар юртимиз равнақига ҳисса қўшади, деган умиддаман.
Вилоятнинг саноат салоҳиятини янада ошириш, импорт ўрнини босувчи янги маҳсулотлар ҳисобига экспорт географиясини кенгайтириш, ишлаб чиқарувчи корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда ушбу ярмарка алоҳида ўринга эга бўлади. Фарғона саноати мамлакатимизда етакчи ўринни эгаллаши учун ўзаро ҳамжиҳатликда фаолият юритиш эса ютуқларимиз бардавомлигини таъминлайди.
Мазкур саноат ярмаркаси бир ҳафта давом этади.
Маъсуджон СУЛАЙМОНОВ, ЎзА
Манба: ЎзА