Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
МВСК аъзолари Иорданияда ўтказилган халқаро мусобақада совриндорлар қаторидан жой олди
2019-07-30 | Спорт
Иордания пойтахти Амман шаҳрида таэквондо WTF бўйича «Эл-Хасан кубоги» халқаро мусобақаси ўтказилди. Унда юртимизнинг тўрт нафар вакили қатнашди ва барчаси шоҳсупага кўтарилди. Улардан икки нафари Мудофаа вазирлиги спорт клуби (МВСК) аъзоси бўлди.
Яқинда Иордания пойтахтида ўсмирлар ўртасида таэквондо WTF бўйича Осиё чемпионати ўтказилган, унда Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси асосий таркиб билан қатнашиб, якунда 2 та олтин, битта кумуш ҳамда 4 та бронза, жами 7 та медаль жамғарганди. Қўлга киритилган олтин медаллардан бири 55 килограммгача вазн тоифасида даянга чиққан ва барча рақибларини мағлуб этган МВСК аъзоси Улуғбек Рашидовга тегишли бўлган ва у йигитлар ўртасида «мусобақанинг энг яхши спортчиси» деб ҳам топилганди. Орадан бир неча кун ўтиб, аниқроғи 25-27 июль кунлари Иордания пойтахтида яна таэквондо (WTF) бўйича мусобақа, бу сафар дунёнинг 45 мамлакатидан борган 100 нафардан ортиқ спортчилар иштирокида «Эл-Хасан кубоги» халқаро турнири ўтказилди. У ҳам спортчиларимиз учун муваффақиятли кечди. Ўзбекистон шарафини тўрт нафар таэквондочи, жумладан Мудофаа вазирлиги спорт клуби вакиллари Нигора Турсунқулова (-67 кг) ҳамда Никита Рафалович (-80 кг) ҳимоя қилишди ва спортчиларимизнинг барчаси совриндор бўлди.
МВСК аъзоси, 2018 йилги Осиё ўйинларининг ғолиби Н. Рафалович яқинда Жанубий Кореяда ўтказилган иккита халқаро мусобақада қатнашган ва уларнинг бирида бронза медални қўлга киритган эди. Никита Иорданиядаги «Эл-Хасан кубоги» халқаро турнирида ҳам ўз вазн тоифаси бўйича баҳслар якунида бронза медаль билан тақдирланди.
Эркаклар ўртасидаги +87 кг вазн тоифаси бўйича баҳсларда иштирок этган ҳамюртимиз Шоҳрух Ражабов ҳам ярим финалгача муваффақиятли одимлади ва финалга ўтиш баҳсида ютқазиб, бронза медаль билан кифояланди.
Халқаро турнирнинг аёллар ўртасидаги баҳсларида қатнашган юртдошларимиз эркакларга нисбатан юқорироқ натижа кўрсатишди. МВСК аъзоси, XVIII ёзги Осиё ўйинларининг бронза медали соҳибаси, ўтган йилги Осиё чемпиони Нигора Турсунқулова (-67 кг) ҳам, юртдошимиз Светлана Осипова (+73 кг) ҳам ўз вазн тоифасидаги баҳсларда финалгача муваффақиятли одимлади. Фақат ҳал қилувчи баҳсда улардан омад юз ўгирди ва иккиси ҳам кумуш медаль соҳибасига айланди. Шу тариқа терма жамоамиз аъзолари «Эл-Хасан кубоги» халқаро турнирида қўлга киритган жами 4 та медалнинг 2 таси кумуш, 2 таси бронза медали бўлди.
Ушбу мусобақа спортчиларимиз учун Токио Олимпиадаси йўлидаги қимматли рейтинг очколарини ўз ҳисобларига қўшиб қўйишгани билан янада муҳим аҳамият касб этди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги