Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: вирусли гепатит В ва С нинг олдини олиш бўйича 2019-2020 йилларга мўлжалланган махсус лойиҳа ишлаб чиқилди

2019-07-29 | Соғлиқни сақлаш

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Вирусология илмий-текшириш институти ҳамкорлигида мамлакатимизда гепатит касаллиги тарқалишининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда тегишли давлат, халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар, шифокорлар, мутахассислар ва журналистлар иштирок этди.

Тадбирда қайд этилишича, бугунги кунда дунё миқёсида вирусли гепатитнинг В ва С тури билан касалланиш кўпаймоқда. Маълумки, гепатит В ўз вақтида аниқланиб даволанмаса, жигар циррози ва гепатоцеллюляр карцинома, яъни жигар саратони келиб чиқишига сабаб бўлади.

Вирусли гепатитнинг С тури билан касалланган беморларни даволаш бўйича самарали дори воситалари амалиётга кириб келган бўлса-да, бу усулда даволаниш харажатлари юқорилиги сабабли дунёдаги барча мамлакатлар аҳолиси ҳам бу имкониятдан фойдала олиши амримаҳол. Қолаверса, ноёб ва замонавий тиббий амалиётлардан бири – жигар трансплантацияси ўтказилиши имконияти ҳам чекланган. Шундай шароитда энг самарали ва мақбул йўл гепатитларнинг олдини олиш, бу йўналишда тиббий-профилактика ишларини ривожлантириш, аҳолининг барча қатламини тизимли тиббий-санитария ёрдами билан қамраб олишдир. 

Мамлакатимизда бу йўналишдаги муҳим вазифаларни амалга ошириш тиббиётнинг устувор йўналиши этиб белгиланган. Миллий эмлаш тақвимига мувофиқ, болалар гепатит В га қарши тизимли эмланмоқда. Гепатит С билан касалланган беморлар замонавий тиббий дори-дармонлар воситасида даволанаяпти.

Шу билан бирга, туризм ва халқаро алоқалар тобора ривожланаётган даврда бу борадаги тиббий-ижтимоий тадбирларни янада такомиллаштириш, огоҳлик ва ҳушёрликни ошириш, вирусли касалликлар юртимизга четдан кириб келиши ва тарқалишининг олдини олишда тиббий-профилактика хизматини ривожлантириш бугунги куннинг муҳим вазифасидир.

Ушбу масалалар ва шунга доир бошқа муаммоларни Ўзбекистон ҳудудида бартараф этиш, аҳолининг соғлиғини асраш, гепатит касалликларининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Вирусология илмий текшириш институти, АҚШнинг Centerfor Disease Analysis Foundation (CDAF) фонди ҳамкорлигида вирусли гепатит В ва С нинг олдини олиш бўйича 2019-2020 йилларга мўлжалланган махсус лойиҳа ишлаб чиқилди.

Матбуот анжуманида мазкур лойиҳа доирасида пойтахтимиздаги тиббиёт муассасаларида амалга ошириладиган чора-тадбирлар хусусида сўз юритилди. Мазкур лойиҳа бир неча босқичда амалга оширилади. Даставвал лойиҳа ишчи гуруҳи тузилади, сўнгра, лойиҳада иштирок этадиган оилавий поликлиникалар танлаб олинади. Вирусология илмий текшириш институти олимлари ва малакали мутахассисларни жалб этган ҳолда тиббий-маслаҳат маркази ташкил этилади ва тадбир иштирокчилари учун семинар-тренинглар ўтказилади.

Матбуот анжуманида қайд этилишича, гепатит В ва С билан касаллланган беморларни касалликнинг илк босқичларида аниқлаш мақсадида скрининг ишларини самарали ташкил этиш учун Ўзбекистон тиббиётига 1.02 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб этилган.

Тадбирда Ўзбекистонда гепатология хизматининг бугунги ҳолати, бу йўналишда олиб борилаётган тиббий-профилактика ва даволаш ишлари натижалари, давлат ва халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида ишлаб чиқилган янги лойиҳадан кутилаётган натижалар хусусида атрофлича маълумот берилди.

Журналистларни қизиртирган саволларга мутахассислар жавоб қайтарди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Поделиться