Жорий йилнинг 24-25 август кунлари Термиз шаҳрида ўтказиладиган “Ўзбекистон – цивилизациялар чорраҳаси” мавзуидаги халқаро археология форумига пухта ҳозирлик кўрилмоқда.
Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида шу йилнинг 22-27 август кунлари бўлиб ўтадиган “Ўзбекистон – буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империя, дин, маданият” Мерос ҳафталиги доирасида ташкил этилаётган мазкур тадбирда дунёнинг кўплаб давлатларидан таниқли археолог олимлар, илмий изланувчилар ва соҳа мутахассислари иштирок этади.
Сурхондарё вилоят маданият бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, нуфузли форумнинг асосий анжуманлари ўтказиладиган муҳташам “Санъат саройи” ва минтақамизда ягона –Термиз археология музейларини тайёрлаш, замонавий усулда техник жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда. Ранг-баранг концерт дастурлари, театрлашган чиқишлар тайёрланаётир.
Сурхондарё вилоят туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси меҳмонлар учун муносиб шароит яратиш ва бўш вақтларида мазмунли саёҳатлар ташкил этиш чораларини кўрмоқда. Форум иштирокчиларини жойлаштириш дислокациясини ишлаб чиқиб, меҳмонхоналарда зарур қулайликлар яратилмоқда. Миллий анъана ва қадриятларимиз ўз ифодасини топган ноёб ҳунармандчилик буюмлари кўргазмасини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилаётир.
– Халқаро форум иштирокчиларини жойлаштириш учун Термиз шаҳри ва термиз туманидаги энг замонавий “Меридиан”, “Карвонсарой”, “Сурхон”, “Ассон” каби меҳмонхоналар танланиб, улардаги шароитлар хатловдан ўтказилди, – дейди Сурхондарё вилоят туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси бошлиғи А.Хўжақулов. – Ўттиздан ортиқ ўқитувчи ва талабалардан иборат таржимонлар гуруҳи шакллантирилди. Уларга воҳанинг туристик имкониятларини кенг тарғиб қилиш учун ўзбек, инглиз ва рус тилларидаги сайёҳлик харитаси ҳамда “Сурхондарё” номли журнал тайёрланди. Шунингдек, йигирмадан ортиқ зиёрат, буддизм, тарихий-меъморий, тиббиёт, экологик ва маданий-кўнгилочар туристик объектлар бўйича махсус буклетлар ҳозирлаб қўйилди. Меҳмонларнинг бўш вақтини мазмунли ва мароқли ўтказиши учун вилоятнинг диққатга сазовор жойларию, тарихий обидалари билан яқиндан таништириш мақсадида сайёҳлик маршрути ишлаб чиқилди.
Форум иштирокчилари Музработ туманидаги қадимий Кампиртепа шаҳарчасида бўлиб, бу ердаги ноёб археологик изланишлар натижалари билан ҳам танишади.
Кампиртепа милоддан аввалги 4-1 асрларга оид Амударё соҳилидаги порт шаҳар харобаларидир. Мамлакатимиз археологлари бу ерда тарихчи ва географ Птоломей ўз асарларида тилга олган афсонавий Окс Александриясини аниқлади.
Ўтган асрнинг 70 йилларидан бошлаб Кампиртепа харобаларида Тоҳаристон археологик экспедицияси таркибида бир гуруҳ археологлар тадқиқот ишларини олиб бориб, кўплаб топилма ва маълумотларни қўлга киритган. Бу ерда Окс (Амударё)нинг ўнг қирғоғида барпо этилган энг қадимги юнон-македон истеҳкомини топган. Салавкийлар ва Юнон-Бақтрия тангалари, керамика ва Кампиртепада эллинистик даврининг қуйи маданий қатламлари мавжудлигини намоён этадиган қатор ноёб объектлар аниқланган. Милоддан аввалги III асрга мансуб сопол буюмлар устахонаси, илк эллинистик давридаги айвонли уй ва археологлар “блиндаж”, деб номлаган катта иншоотга дуч келишган.
Археолог олимларнинг таъкидлашича, қадимий йирик мажмуа таркибида турар-жойлар, марказий бастион, хазиналар сақланадиган ғазна, ибодатхона ўрин олган. Кушон даври тангалари бир пайтлар Кампиртепа шаҳарчаси бу давлатнинг муҳим молиявий марказларидан бири бўлганига далолатдир. Қалъа ташқарисидаги дарё соҳилида кемалар тўхтайдиган ва жўнаб кетадиган бандаргоҳ, узоқдаги кемалар учун мўлжал вазифасини ўтайдиган баланд иншоот – маёқ қолдиқлари ҳам топилган.
Хуллас, ўтмишимизни дунёга кенг тараннум этадиган “Ўзбекистон – буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империя, дин, маданият” Мерос ҳафталиги иштирокчилари қадимий ва ҳамиша навқирон Сурхон воҳасида кўплаб қизиқарли манбалар билан яқиндан танишиб, бу гўшанинг қадимдан дунё тамаддуни бешикларидан бири эканига гувоҳ бўлади.
Тадбир кунлари ташкил этиладиган миллий анъана ва қадриятларимиз ўз ифодасини топган ноёб ҳунармандчилик буюмлари кўргазмаси ҳам халқаро форум меҳмонлари ва қатнашчиларининг ҳайратини оширишга, юртимизнинг қадимий бой мероси билан янада яқинроқ танишишга хизмат қилади.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ
Манба: ЎзА