Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Микромолиявий хизматлар оммабоплигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
2019-07-24 | Ҳужжатлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Нобанк кредит ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш учун ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш, шунингдек, тижорат банкларини микромолиялаштириш жараёнларига жалб қилиш бўйича кўрилаётган чоралар республикада микромолиявий хизматлар кўрсатиш ҳажмини етарли даражада кенгайтиришга имкон яратганлигини таъкидлаш лозим.
Шу билан бирга, микромолиялаштириш соҳасини тартибга солиш бўйича халқаро тажриба аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг микромолиявий хизматларга ўсиб бораётган эҳтиёжларини қондириш учун кредит ташкилотларининг салоҳиятини ошириш зарурлигини кўрсатмоқда.
Шу сабабли микромолиялаштириш қонунчилигини яхшилаш, унинг энг яхши амалиётларини, шу жумладан, масофадан туриб хизмат кўрсатиш имкониятларини жорий этиш, кўрсатилаётган хизматлар доирасини кенгайтириш, аҳолида ҳаддан ташқари қарз юки шаклланишининг олдини олиш, аҳолининг молиявий саводхонлигини, молиявий оммабопликни ошириш ва мазкур хизматлар истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш республикада микромолиялаштириш соҳасини янада ривожлантириш бўйича ишларнинг ҳозирги босқичдаги долзарб йўналишлари бўлиши лозим.
Микромолиялаштириш соҳасини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 январдаги “Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва иқтисодий сиёсат самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5614-сон Фармони билан белгиланган вазифаларга мувофиқ:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан молиявий оммабоплик соҳасидаги илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда таркибида молиявий хизматлар оммабоплигини кенгайтиришни, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг молиявий саводхонлик даражасини оширишни, молиявий хизматлар истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилишни назарда тутувчи Молиявий оммабопликни оширишнинг миллий стратегиясини (кейинги ўринларда – Миллий стратегия) ишлаб чиқишга Жаҳон банкининг техник кўмаги жалб этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Молиявий оммабопликни оширишнинг миллий стратегиясини ишлаб чиқиш ва келгусида амалга ошириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш 1-иловага мувофиқ таркибда тузилсин ва унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
масъул вазирлик ва идораларнинг Миллий стратегия ижросининг бориши бўйича мувофиқлаштирилган ҳамкорлигини таъминлаш, зарур бўлганда белгиланган тадбирларнинг бажарилишига оид тезкор чораларни кўриш;
Миллий стратегияни амалга ошириш масалалари бўйича халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молиявий ташкилотлари, экспертлар ҳамжамияти ва оммавий ахборот воситалари билан ўзаро самарали ҳамкорликни ташкил этиш, ушбу мақсадларда семинарлар, давра суҳбатлари, анжуманлар ва бошқа тадбирларни ташкил қилиш.
3. Мувофиқлаштирувчи кенгаш (Ж.А.Қўчқоров):
бир ой муддатда мазкур қарорнинг 2-бандида кўрсатилган тадбирларни 2019 йил якунига қадар ижро қилиш бўйича амалий чора-тадбирлар режасини тасдиқласин, шунингдек, режа ижросининг бориши тўғрисида ҳар ой Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритсин;
2020 йил 1 январга қадар “Молиявий оммабопликни оширишнинг миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки:
2020 йил 1 январга қадар соҳага ихтисослашган халқаро экспертлар кўмагида аҳолининг молиявий саводхонлиги ва молиявий оммабоплик даражасини холисона баҳолаш мақсадида тадқиқотлар ва сўровлар ўтказсин;
молиявий оммабопликни такомиллаштириш учун Молиявий инклюзив иттифоқ ва хорижий мамлакатларнинг марказий банклари билан ўзаро ҳамкорликни кучайтирсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Молия вазирлигининг 2019 йил 1 августдан бошлаб қуйидаги тартибни жорий этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин, унга мувофиқ:
микроқарзнинг энг юқори миқдори 50 миллион сўмгача, микрокредит миқдори – 300 миллион сўмгача ва микролизинг миқдори – 600 миллион сўмгача оширилади;
микрокредит ташкилотлари ва ломбардлар фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига лицензия бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш муддати 30 кундан 15 иш кунигача қисқартирилади;
микрокредит ташкилотлари барча ишончли (бланкли) кредитларнинг улар шакллантирган устав фондига фоиз нисбатини мустақил белгилайди;
акциядорлик жамияти шаклида ташкил этилган микрокредит ташкилотларига корпоратив облигацияларни чиқариш ва уларни фақат юридик шахслар ўртасида жойлаштириш ҳуқуқитақдим этилади;
хорижий микрокредит ташкилотларига Ўзбекистон Республикасида фаолият кўрсатаётган микрокредит ташкилотларининг устав фондида иштирок этишига рухсат берилади.
6. Белгилаб қўйилсинки, 2019 йил 1 августдан бошлаб:
а) микрокредит ташкилотларига:
банклар, суғурта компаниялари ва бошқа молия ташкилотларнинг агенти сифатида агентлик хизматларини фақат нақдсиз шаклда кўрсатиш ва агентлик битимининг мавжудлиги тўғрисида ахборотларни ошкор қилиш, шунингдек, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича қонун ҳужжатлари нормаларини бажариш шарти билан қатнашишга;
макропруденциал назорат доирасида белгиланган нормаларга риоя қилинишинитаъминлайдиган ҳажмларда кредитларни (қарзларни) жалб қилишга ва корпоратив облигацияларни чиқаришга;
микрокредит ташкилотлари бошқарувининг олий органлари қарори билан чакана хизматлар, шу жумладан, нақдсиз шаклда кўрсатиладиган микромолиявий хизматлар марказларини улар очилган кундан бошлаб ўн кунлик муддатда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкини хабардор қилган ҳолда очишга рухсат берилади;
б) банклар ва бошқа кредит ташкилотлари жисмоний шахсларга банклар ва бошқа кредит ташкилотлари томонидан потенциал қарз олувчини масофадан туриб идентификациялаш, маълумотлар хавфсиз алмашувини амалга ошириш ва скоринг модели асосида қарз олувчининг кредит қобилиятини баҳолашни таъминлаш шарти билан онлайн-кредитлар (микроқарзлар) бериш ҳуқуқига эга.
7. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ қуйидагилар тақиқланади:
жисмоний шахсларга хорижий валютада кредитлар (қарзлар) бериш ва кредитлар (қарзлар) бўйича уларнинг мажбуриятларини хорижий валютада ҳисобга олиш;
нобанк кредит ташкилотлари томонидан жисмоний шахслардан қисқа муддатли микромолиявий хизматлар таъминотига кўчмас турар жой мулкини гаров сифатидақабул қилиш;
илгари олинган кредитлар (қарзлар) бўйича сўндирилмаган муддати ўтган қарздорлик мавжуд бўлган тақдирдажисмоний шахсларга янги микромолиявий хизматлар кўрсатиш.
8. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки:
2019 йил 1 сентябрга қадар микрокредит ташкилотлари бинолари ва касса хоналарининг техник жиҳозланганлик талабларини бугунги кун талаблари, халқаро тажриба ва микромолиявий хизматлар кўрсатиш услубларини такомиллаштиришни ҳисобга олган ҳолда соддалаштирсин;
2019 йил 1 октябрга қадар қарз олувчи жисмоний шахсларнинг кредитлар (қарзлар) бўйича қарз юкини ҳисоблаш методологияси ва рухсат этиладиган кўрсаткич бирликларини, шунингдек, жисмоний шахсларнинг қарз юкининг, шу жумладан, кунлик энг юқори фоиз ставкалари бўйича ўсишини чеклаб туришга оид меъёрларни тасдиқласин;
2019 йил 1 ноябрга қадар кредит ташкилотлари томонидан таваккалчиликларнинг мос равишда бошқаруви мавжудлиги, кредит бюроларидан кредит маълумотларини мажбурий олиш, фаолиятнинг хавфсизлиги ва узлуксизлигини таъминлашни назарда тутувчи масофадан туриб хизмат кўрсатиш тартибини тасдиқласин;
2019 йил 1 декабрга қадар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда илгари тижорат банкида дастлабки идентификациядан ўтган жисмоний шахсни кредит ташкилотлари томонидан масофадан туриб идентификациялаш механизмини жорий этсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги 2019 йил 1 декабрга қадар:
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги “Гаров реестри” ДУК маълумотлар базасини Адлия вазирлиги ва Ички ишлар вазирлигининг маълумотлар базаси билан микромолиявий хизматлар бўйича гаровга қабул қилинган кўчар мулкка тақиқ қўйиш, ечиш ва мақомини текширишга оид кредит ташкилотларининг фойдаланиш имкониятини кенгайтиришни назарда тутувчи интеграциясини таъминласин;
қонунчиликка микромолиявий хизматлар бўйича гаров шартномасини мажбурий нотариал тасдиқлашни бекор қилиш ва кредит ташкилотлари томонидан гаров реестрининг маълумотлар базасига тегишли ёзувларни киритиш билан бир вақтда маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Адлия вазирлигининг маълумотлар базаларида акс эттириш имкониятини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 2019 йил 1 ноябрга қадар мазкур қарор билан белгиланган нормалар таъсирининг таҳлили, шунингдек, соҳага ихтисослашган халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг эксперт хулосаларидан келиб чиққан ҳолда қуйидагиларни назарда тутувчи “Нобанк кредит ташкилотлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин:
нобанк кредит ташкилотларининг ташкилий-ҳуқуқий асослари;
нобанк кредит ташкилотлари томонидан амалга ошириладиган молиявий операцияларнинг рухсат бериладиган турларини аниқлаш;
микромолиявий хизматлар кўрсатиш ва уларнинг истеъмолчилари ҳуқуқини ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш;
нобанк кредит ташкилотлари фаолиятини назорат қилиш ва тартибга солиш тартиби.
11. Мазкур қарорни амалга ошириш бўйича батафсил амалий тадбирлар режаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Масъул вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари барча тадбирларнинг белгиланган муддатларда сўзсиз ва сифатли бажарилишини таъминласин.
12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 сентябрдаги “Республика банк тизимини янада ривожлантириш ва барқарорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3270-сон қарорига 1-илованинг 41-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
13. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки икки ой муддатда:
Молия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
қабул қилинган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А.Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси М.Б.Нурмуратов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2019 йил 23 июль
Манба: ЎзА