Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Бош вазир “Устюрт чеварлари” билан учрашди

2019-07-19 | Жамият

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов 17-июль куни “Бейнеў – Ақжигит – Ўзбекистон чегараси” автомагистралининг тантанали очилиш маросимида иштирок этиш арафасида Қўнғирот туманида бўлди. Туман шимолида жойлашган “Қорақалпоғистон” посёлкаси фуқаролар йиғинига ҳам ташриф буюриб, бу ердаги хотин-қизларга яратилган шарт-шароитлар билан танишди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев яқинда Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисидаги нутқида ҳозирги глобаллашув жараёнида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини ошириш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ишларга тўхталиб ўтган эди. Бош вазир Президентимизнинг ушбу нутқида таъкидлаб ўтилган муаммоларни бартараф этиш юзасидан республикамизнинг энг чекка ҳудудида қандай ишлар амалга оширилаётгани билан қизиқди.
 
А.Арипов посёлкадаги “Устюрт чеварлари” масъулияти чекланган жамиятида бўлиб, бу ерда ишлаётган хотин-қизлар билан учрашди. Учрашув давомида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари, Республика хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Ибрагимова республикада хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни бандлигини таъминлаш, хотин-қизлар билан мақсадли ишларни ташкил этиш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлашга тўсқинлик қилаётган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида қатор ишлар амалга оширилаётганлигини таъкидлади.
 
 
Шу йилнинг июль ойи бошларида иш бошлаган “Устюрт чеварлари” МЧЖ да бугунги кунда 50 нафар хотин-қиз иш билан таъминланган. Президентимизнинг ташаббуси билан татбиқ этилган тизим – “Обод қишлоқ” дастури доирасида “Қорақалпоғистон” посёлкаси фуқаролар йиғинидаги бу корхона қайта ишга туширилди. Айни вақтда “Ўзтрансгаз” АЖ Қорақалпоғистонгаз филиалининг туман бўлими билан 300 миллион доллар ҳажмида маҳсулот етказиб бериш юзасидан шартнома имзоланган.
 Шунингдек, корхонада шу ҳудудда яшаётган аҳолининг эҳтиёжидан келиб чиқиб ва ички бозорни ўрганган ҳолда кундалик қўлланиладиган кўрпа-кўрпача чойшаблари, ёстиқжилдлар, кийимлар ҳам тикилмоқда. Келажакда “Устюрт чеварлари” МЧЖ бошлиғи Г.Базарбаева таъкидлаб ўтганидек, ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириб, яна 30 нафар хотин-қизни, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминламоқчи. Шунингдек, у қўшни Қозоғистон Республикасининг бизга энг яқин ҳудуди Бейнеў туманига тайёр маҳсулотларни экспорт қилиш мақсадида. “Бейнеў – Ақжигит – Ўзбекистон чегараси” автомагистралининг очилиши бўлса, тадбиркорлар учун янги имкониятлар эшигини очмоқда.
 
 
М.ПИРНАЗАРОВА,
Қорақалпоғистон ахборот агентлигининг шарҳловчиси

Манба: ЎзА

Поделиться