2019 йилнинг 17 июль куни Вашингтон шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов АҚШ Президентининг Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Роберт Болтон билан учрашди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон – АҚШ муносабатларининг ҳолати ва уларни янада ривожлантиришнинг истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Жон Болтон Вашингтон шаҳридаги Дин эркинликлари бўйича иккинчи вазирлар конференциясида бу каби нуфузли делегация иштирок этаётганини мамнуният билан қайд этди.
Икки давлат раҳбарлари томонидан 2018 йил май ойида қабул қилинган “Ўзбекистон ва АҚШ: стратегик шериклик янги даврининг бошланиши” номли Қўшма сиёсий баёнот, Президент Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга расмий ташрифи ва Президент Доналд Трамп билан музокаралар доирасида эришилган бошқа келишувларни амалга оширишни давом эттиришга ўзаро қизиқиш мавжудлиги эътироф этилди.
Афғонистон йўналишидаги ҳамкорликка оид масалалар муҳокамаси чоғида АҚШ томони афғонлараро тинчлик мулоқоти механизмларини йўлга қўйиш, Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий қайта тиклаш, ушбу мамлакатни Марказий Осиёдаги кўп қиррали минтақавий алоқаларга жалб этишдаги Ўзбекистоннинг муҳим ролини қайд этди.
Томонлар ҳамкорликнинг янги соҳаларини белгилаш мақсадида турли даражадаги мунтазам алоқаларларни давом эттиришга келишдилар.
* * *
Музокаралар якунига кўра Жон Болтон ўзининг “Twitter”даги саҳифасида қуйидагича қайд қолдирди: “Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири А.Камилов билан жуда яхши учрашув ўтказдим. Биз томонларни қизиқтирган кўплаб масалаларни ҳамда шерикчилигимизни илгари суришнинг энг яхши чораларини муҳокама қилдик. Биз Ўзбекистондаги ислоҳотларни ва уларни бутун Марказий Осиё минтақасига ижобий таъсирини олқишлаймиз. АҚШ-Ўзбекистон ҳамкорлигининг чуқурлашишини сабрcизлик билан кутмоқдамиз”.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги