2019 йилнинг 10-11 июнь кунлари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги делегация Лондон шаҳрида ОАВ эркинлиги бўйича глобал конференцияда иштирок этди.
Форумга дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатлари делегациялари ташриф буюрди, жумладан 60 та давлат ташқи сиёсат идоралари ва ахборот вазирликлари раҳбарлари, журналистлар, медиасаноат ва фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этди.
Форумнинг очилиш маросимида тадбир ташаббусчилари Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Жереми Ҳант ва Канада Ташқи ишлар вазири Христя Фриланд бу конференция бутун дунёда ОАВ эркинлиги ҳолатини аниқлаш ва уни чеклашга ҳаракат қилаётганлар масъулиятини оширишга қаратилган халқаро кампаниянинг бир қисми эканини таъкидладилар.
Вазир Абдулазиз Камилов конференциядаги маърузасида Ўзбекистонда форумга таклифни халқаро ҳамжамият томонидан Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда амалга оширилаётган мисли кўрилмаган ва ортга қайтмас ислоҳотлар эътирофи сифатида қаралади.
Ўзбекистонда қабул қилинган “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонуннинг мақсади давлат органлари ва муассасалари фаолияти устидан ОАВ томонидан жамоатчилик назорати соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдир.
Мамлакатда журналистларнинг профессионал фаолиятини ҳимоя қилиш ва уларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши таъминланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг яқинда қабул қилинган оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги фармони оммавий ахборот воситаларининг мустақиллигини ва эркин ахборот олишнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамдир.
Фақат суд ёки таъсисчи ОАВ фаолиятини тўхтатиш ёки тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.
Ўзбекистон делегацияси раҳбари таъкидлаганидек, ахборот соҳасини либераллаштириш ва демократлаштириш миллий медиа бозорининг жадал ўсишига олиб келди, бу бозорда 90-йиллар бошида фақатгина йигирмата давлат оммавий ахборот воситалари бўлган. Бугунги кунда оммавий ахборот воситаларининг сони 2 мингтага яқин бўлиб, уларнинг аксарияти хусусийдир.
Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситалари учун замонавий мутахассисларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ташкил этилди. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Миллий матбуот маркази, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассотсиацияси, Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ва Халқаро пресс клуб каби ташкилотлар муваффақиятли фаолият юритмоқда.
Ўзбекистонда етакчи хорижий ОАВ вакиллари, жумладан “Reuters”, “France Press”, “BBC”, “The Economist”, “Xinhua”, “Amerika Ovozi”, “Fergana.Ru”, “Eurasianet” мухбирлари эркин ишламоқдалар.
Ҳар йили журналистика соҳасида халқаро танлов ўтказилади, унда инсон ҳуқуқлари ва коррупцияга қарши кураш, суд тизими билан муносабатлар ва бошқа масалалар бўйича энг яхши мақолалар учун номинациялар мавжуд.
Вазир алоҳида таъкидлаганидек, оммавий ахборот воситалари мустақиллиги соҳасида кафолатлар ва халқаро стандартларни таъминлаш мақсадида оммавий ахборот воситалари бўйича омбудсман ташкил этиш назарда тутилган бўлиб, у журналистларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг хавфсизлигини таъминлашга асосий эътибор қаратади.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон ОАВ эркинлиги, давлат органларининг очиқлиги, журналистларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлаш бўйича ишни давом эттиришга қатъий содиқ қолади, шунингдек, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали ОАВ тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш, ОАВ мустақиллигини мустаҳкамлаш соҳаларида хорижий шериклар билан фаол ҳамкорликни давом эттиради.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги