Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили билан учрашув
2019 йилнинг 7 июль куни “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” минтақалараро учрашувида иштирок этаётган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Бишкек шаҳрида Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили, Еврокомиссия вице-президенти Федерика Могерини билан учрашди.
“Ўзбекистон – Евроиттифоқ” шаклидаги алоқаларнинг ҳозирги ҳолати ва янада ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Европа кенгаши Президенти Доналд Тускнинг Ўзбекистонга ташрифи ва унинг 2019 йил 31 май куни Тошкент шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев билан ўтказган музокаралари якунлари юқори баҳоланди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон – Европа муносабатларининг сифат жиҳатдан янги даражага кўтарилганлиги ва ҳамкорликнинг барча жабҳалари муайян амалий мазмун билан бойигани таъкидланди. Шу нуқтаи назардан икки томон ҳам Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим лойиҳаси устида музокаралар механизмининг йўлга қўйилганлигини маъқуллади. Мазкур ҳужжатнинг имзоланиши икки томонлама муносабатларда янги поғона бўлиши кутилмоқда.
Суҳбат чоғида қайд этилганидек, жорий йилда Ўзбекистон томонидан ЕИнинг барча давлатлари фуқаролари учун визасиз тартибнинг жорий қилиниши “халқ дипломатияси”ни рағбатлантиради, жумладан савдо-иқтисодий, инвеститсия, маданий-гуманитар ва бошқа тармоқлардаги алоқаларнинг фаоллаштиради.
Учрашувда Афғонистон йўналишидаги ҳамкорлик масалалари ҳамда халқаро ва минтақавий сиёсатнинг алоҳида мавзулари ҳам кўриб чиқилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги