Жаҳон ҳунармандлик кенгашининг Осиё-Тинч океани минтақаси бўйича президенти Гада Каддуми бошчилигидаги ўрганиш ҳайъати айни кунларда халқаро ҳунармандлик фестивалига мезбонлик қилаётган Қўқон шаҳрига ташриф буюрди.
Ўзбекистон халқ амалий санъати ва ҳунармандликнинг энг қадим анъана ва мактаблари сақланиб қолган мамлакат сифатида ҳам жаҳонга танилган. Юртимизнинг деярли барча ҳудудида ўзига хос ҳунармандлик мактаблари шаклланиб, авлоддан-авлодга ўтиб келаётир. Бугунги ислоҳотлар соҳа ривожи учун янги имкониятлар яратмоқда. Ҳар бир ҳунармандлик маҳсулоти ўзига хослиги билан ажралиб туради.
Қўқонда 30 дан ортиқ йўналишда ҳунармандлик анъаналари давом эттирилмоқда. Ўтмишда хонлик маркази бўлган бу шаҳарга турли ўлкалардан моҳир усталар жамланган ва бу ерда ҳунармандликнинг ноёб турлари тараққий этган. Жумладан, ёғоч ўймакорлиги, заргарлик, қандакорлик, миллий мато тўқиш, кулоллик санъат асари даражасига кўтарилган.
Айни кунларда Қўқонда халқаро ҳунармандлик фестивалига тайёргарлик ишлари қизғин давом этмоқда. Ўрда хиёбони ва бошқа ҳудудларда бунёдкорлик, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Ўндан ортиқ меҳмонхона, ҳунармандлар учун савдо мажмуаси каби янги иншоотлар бунёд этилаётир.
Мазкур кенгаш билан ҳамкорликда Қўқонга жаҳон ҳунармандлар шаҳри мақомини бериш борасида саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Ташриф асносида ўрганиш ҳайъати аъзолари ҳунармандлар билан мулоқотда бўлиб, уларнинг фаолияти билан бевосита танишди. Миллий ҳунармандлик маҳсулотлари кўргазмаси, ҳунармандлик мактаблари ва марказлари меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Донғи кетган уста Ҳасанжон Умаров отамерос пичоқчилик билан шуғулланади. Бу – сермашаққат, мураккаб ҳунар бўлиб, катта куч, кўп меҳнат, зеҳн, ирода, сабр-тоқат, изланувчанликни талаб қилади.
– Бу ҳунарни эгаллаш учун унга чинакам меҳр қўйиш керак, – дейди Ҳ.Умаров. – Бир парча темирни буюм ҳолига келтириш кўп меҳнат талаб қилади. Кўз нури, куч сарфланади. Бунга ҳамма ҳам бардош бера олмайди. Қўқонда халқаро ҳунармандлик фестивали ўтказиш ғояси, унга ҳунармандлар шаҳри мақомини бериш йўлидаги саъй-ҳаракатлар бизни ғурурлантиради, албатта.
Нуфузли ҳайъат аъзолари халқ амалий санъати анъаналарини сақлаб, ривожлантириб келаётган фидойи юртдошларимиз фаолияти, ҳунарни ёш авлодга ўргатиш борасидаги ишлари билан танишиб, Қўқонга жаҳон ҳунармандлар шаҳри мақомини бериш юзасидан хулосалар беради.
М.СУЛАЙМОНОВ
Манба: ЎзА