Жиззах вилояти Зомин туманидаги сўлим Ўриклисой оромгоҳида мамлакатимиз ёш ижодкорларининг анъанавий семинарининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ёш ижодкорларнинг Зомин семинари истеъдодли ёшларни кашф этиш ва юзага чиқаришда улкан мактаб вазифасини ўтаб келаётир. Бу мактабнинг бошланишида сабоқ олган ёшлар орасидан етишиб чиққан кўплаб истеъдодли шоирлар, ёзувчилар, адабиётшунослар бугун адабиётимиз равнақига ўз ҳиссасини қўшишмоқда.
Бугунги ёш ижодкорларнинг катта йиғинига иштирокчиларни танлаш ҳам ёшлар тарбиясига берилаётган катта эътибордан келиб чиқиб, жиддий саралаш орқали амалга оширилди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан жорий йилнинг апрель, май, июнь ойларида вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикаси ёш ижодкорлар семинарининг ҳудудий босқичлари бўлиб ўтди. Ушбу семинарларда ўз ижод намуналари билан иштирок этган ёш қаламкашларнинг 100 нафардан ортиқ энг истеъдодлиси Зомин семинарига етиб келди.
Ватанимизнинг энг сўлим, илҳомбахш гўшаси бўлган Ўриклисойда ёш ижодкорлар ва улар билан юзма юз учрашиб, сабоқ беришга келган устоз ижодкорларни вилоят ва туман жамоатчилиги, адабиёт ихлосмандлари иштирокида семинарнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси Раиси Сирожиддин Саййид, Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев ва бошқалар мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидор ва қобилиятларини ривожлантиришга катта эътибор берилаётганини таъкидлади.
Ёш иқтидорларга таълим берадиган ихтисослашган Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Ибройим Юсупов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф, Ҳалима Худойбердиева номли ижод мактаблари ташкил этилди. Бугунги семинарда шу ижод мактабларининг ўқувчилари ҳам иштирок этишмоқда.
– Зомин семинари адабиётимиз тарихида қоладиган анжуман, – дейди Қорақалпоғистон ёзувчилар уюшмаси раиси, Қорақалпоғистон халқ шоири Кенесбой Каримов, – Ушбу анжуман давлатимиз раҳбари томонидан адабиёт ва ижод аҳлига, ёш истеъдодларга кўрсатилаётган ғамхўрлик, китоб ва китобхонликка эътиборнинг амалдаги ифодасидир. Ажабмас, ҳозир ўтирган ёшлар орасидан адабиётимизни дунёга танитадиган буюк ижодкорлар етишиб чақса. Бу семинар ана шу эзгу ниятни кўзлаб ўтказилаётир.
Уч кун давом этадиган семинар доирасида республикамизнинг таниқли шоирлари иштирокида давра суҳбатлари, мушоиралар, адабий жанрлар бўйича шўъбаларда машғулотлар, маҳорат дарслари, табиат қўйнига саёҳатлар ва бошқа тадбирлар ўтказилади.
Т. БЕКНАЗАРОВ, Ж. ЁРОБЕКОВ (сурат)
Манба: ЎзА