ЮНEСКОнинг бутунжаҳон мероси бўйича йиғилишида Шаҳрисабз тўғрисида қарор қабул қилинди
2019 йилнинг 2 июль куни ЮНEСКО Бутунжаҳон мероси қўмитасининг Боку шаҳрида бўлиб ўтаётган 43-сессияси чоғида «Шаҳрисабзнинг тарихий маркази» бутунжаҳон мероси объекти борасида қарор қабул қилинди. Сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдухакимов бошчилигидаги делегация иштирок этмоқда.
Ҳужжат Ўзбекистон раҳбариятининг бутунжаҳон мероси объектларини ҳимоя қилиш бўйича кўраётган чораларини, хусусан тарихий шаҳарлардаги барча қурилиш ишларини тўхтатиб қўйич тўғрисидаги ҳукумат қарорини қўллаб қувватлайди. У шаҳарни янада ривожлантириш бўйича аниқ таклифларни ўз ичига олади ва Шаҳрисабз шаҳрини бутунжаҳон мероси рўйхатида қолдириш тўғрисида қарор чиқаради.
Ўзбекистоннинг ЮНEСКОдаги Доимий ваколатхонаси берган маълумотга кўра қарор ўтган бир йил давомида ташкилот билан олиб борилган комплекс мулоқотларнинг натижаси бўлди. 2014 йилдан буён биринчи марта Бутунжаҳон мероси қўмитаси Ўзбекистоннинг маданий меросни сақлаб қолиш масалаларида ЮНEСКО билан ишлаш тарафдори эканлигини эътироф этди ва томонларнинг 2016 йилдан бери ҳамкорлигини ижобий баҳолади.
ЮНEСКО бундан буён Шаҳрисабзнинг бутунжаҳон мероси рўйхатидан чиқариб ташлаш тўғрисида талаб қўймаяпти ва кейинги икки йил давомида шаҳарни қайта тиклаш бўйича аниқ чораларни ишлаб чиқишни таклиф қиляпти.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги