Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Озарбойжон туризм соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлайди
2019-07-02 | Туризм
ЮНEСКО Бутунжаҳон мероси қўмитасининг 43-сессиясида иштирок этаётган Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Баку шаҳрида Озарбойжон туризм давлат агентлиги раиси Ф.Нагиев билан учрашув ўтказди.
Томонлар икки мамлакат ўртасидаги туристик оқим кўрсаткичлари ошаётганидан мамнун эканликларини билдиришди. Шу билан бирга, бу йўналишда амалга оширилмаган улкан салоҳият ҳақида сўз юритилди. Учрашув якунларига кўра, қуйидаги йўналишлар бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишилди:
- делегацияларнинг ўзаро алмашинувини фаоллаштириш, шу жумладан халқаро даражадаги тадбирларда иштирок этиш доирасида ҳам;
- икки мамлакатнинг етакчи телеканалларида эфир вақтини алмашиш йўли билан Ўзбекистон ва Озарбойжоннинг туристик салоҳиятини ўзаро тарғиб қилишда ҳамкорлик қилиш, шунингдек, Баку ва Тошкент шаҳарларида бепул асосда реклама билбордларини ўрнатиш;
- ҳамкорликда аралаш турларни ташкил қилиш, кадрлар тайёрлаш, тажриба алмашиш;
- мамлакатлар ўртасидаги туристик оқимни ошириш мақсадида «туризм элчиси» институти имкониятларидан фойдаланиш;
- «Ипак йўли» Халқаро туризм университетлари тармоғини яратиш масаласини кўриб чиқиш.
Учрашув якунлари бўйича «Ипак йўли» Халқаро туризм университети ҳамда Озарбойжон туризм ва менежмент университети ўртасида таълим ва илм-фан соҳасига доир Англашув меморандуми имзоланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги